15 та ижтимоий тармоқ синчковлик билан ўрганилиб, қайси бири фойдаланувчи ҳақида кўпроқ маълумот йиғиши аниқланди.
Американинг Incogni компанияси таҳлилчилари “Ижтимоий тармоқларнинг махфийлик рейтинги —2024” жадвалини тузди. Рейтингда глобал ижтимоий тармоқлардан қайсилари фойдаланувчилар ҳақида кўпроқ маълумот йиғиши ва сақлаши маълум қилинган.
Жадвалнинг энг юқорисида жами 15 та ижтимоий тармоқ ва мессенжер, жумладан Telegram, WhatsApp, Facebook, Discord, YouTube ва бошқалар жамланган. Баҳолаш бешта тоифадаги 14 та мезон бўйича ўтказилди. Бу мезонлар орасида қоидабузарликлар, маълумотларни йиғиш ва сақлаш, шаффофлик ҳамда махфийликни бошқариш қулайлиги кабилар мавжуд.
Фойдаланувчилар ҳақида энг кўп маълумот тўплайдиган ижтимоий тармоқлар:
- Facebook — махфийлик даражасига 20 баллдан 18,9 балл берилган (баллар қанча паст бўлса, шунча яхши);
- Facebook Messenger — 16,5 балл;
- LinkedIn — 16,3 балл;
- Instagram — 15,8 балл;
- Х (Twitter) — 15,2 балл.
Фойдаланувчилар ҳақида энг кам маълумотни Reddit, Snapchat, Pinterest ва Discord платформалари тўплайди.
Маълумот сизиб чиқиши ҳолатлари ва қоидабузарликлар энг кўп содир содир бўлган ижтимоий тармоқлар:
- LinkedIn;
- Facebook;
- Х;
- Whatsapp;
- Snapchat.
Discord, Telegram ва Reddit сервисларида эса маълумот сизиб чиқиши камроқ кузатилган.
Мутахассислар шунингдек, Telegram ва Discord маълумотларни бошқаришнинг энг шаффоф ва қулай усулларини таклиф этишини аниқлади. Бунда Telegram фойдаланувчи аккаунти ўчирилгандан сўнг маълумотларни жуда тез ўчириб юбориши билан бошқалардан ажралиб турди. LinkedIn ва X энг қаттиқ махфийлик созламаларига эга, бироқ иккала платформа ҳам махфийлик учун катта хавф туғдирмоқда.
“Энг хавфли ижтимоий тармоқларнинг якуний рейтинги қуйидагича: биринчи ўринда Facebook, иккинчи ва учинчи ўринда мос равишда Facebook Messenger ва LinkedIn. YouTube рейтингда 9-ўринни эгаллади. Telegram 6-, Whatsapp 8-ўринда. Reddit, Snapchat ва Pinterest энг хавфсиз деб тан олинди”, — дейилади хабарда.
Kun.uz
- Қўшилди: 04.10.2024
- Кўришлар: 822
- Чоп этиш