Бугунги кунда ҳар қандай давлат коррупцияга қарши курашишни ўз сиёсатининг энг устувор йўналишлари қаторида эътироф этиши шубҳасиз. Айни йўналишда муваффақиятли тизим яратиш эса кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали хорижий мамлакатлар илғор тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш, вазиятга танқидий ёндашган ҳолда, миллий қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо қилади.
Маълумки, 2016 йилдан буён 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонлаб келинади. Мазкур сана муносабати билан ҳар йили Қатар Амири Шайх Тамим Ол Соний томонидан таъсис этилган “Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот”ни топшириш маросими ўтказилади. Айни жараёнда халқаро мукофотнинг рамзий монументи очилиши ҳам анъанага айланган. Ўтган йил тадбир жойи Қатардан Тошкентга кўчди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишни жамият тараққиётининг асосий шартларидан бири сифатида белгилаб олди. 2023 йил 19 декабрь куни пойтахтда бўлиб ўтган Халқаро коррупцияга қарши курашиш юксак мукофотини топширишга бағишланган тантанали маросим ҳам айни йўналишда юртимизда олиб борилаётган амалий ишларнинг халқаро эътирофи, дейиш мумкин. Араб, мусулмон дунёси вакили сифатида Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда тан олинаётганидан жуда қувондим.
Халқаро коррупцияга қарши курашиш юксак мукофоти жорий қилинишидан кўзланган мақсад нафақат айни йўналишда намуна бўлаётганларни рағбатлантириш, балки эътиборга молик ҳаракат ва илғор амалиётни, коррупцияга қарши курашнинг самарадор усулларини бутун дунё бўйлаб тарғиб этишт, бу йўлдаги бирдамликни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Шу ўринда, рамзий маънода тарихий бир маълумотни келтириш жоиз, деб билдим. Тарихчи Геродот ёзишича, эрамиздан аввалги VI асрда ҳукмдорлик қилган Эрон шоҳи Камбиз Сизам исмли қозини пора олгани учун жазолаб, терисини шилиб олиш ва ўзи ўтирган қозилик курсисини ўша тери билан қоплашни буюрган. Қозилик лавозимига эса порахўрлик нима билан якун топишини ҳамиша ёдда тутиши учун Сизамнинг ўғли Отан тайинланган.
Бинобарин, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва ушбу иллатнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, жумладан муайян превентив чоралар, соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жорий қилинаётган илғор хорижий давлатлар тажрибаси, қолаверса, ҳар бир идора ва ташкилотда олиб борилаётган тарғибот алоҳида диққатга сазовор. Таъкидламоқчи эдимки, йўлга қўйилган чора-тадбирлар самарасига шахсан ўзим ҳам кўп бор гувоҳ бўлганман.
Муҳаррама Пирматова ёзиб олди.
Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 27.02.2024
- Кўришлар: 1915
- Чоп этиш