Бугун кўпчилик Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан аввал ҳам дунёдаги турли масалаларни ҳал қилиш учун халқаро ташкилот бўлганини билмайди. Миллатлар Лигаси деб номланган ана шу ташкилотни ҳам Биринчи жаҳон уруши ғолиблари ташкил этганди.
Бугун дунёдаги қарийб 200 давлатнинг бошини бирлаштирган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, таъбири жоиз бўлса, полиз қоровулига ўхшаб қолди.
1945 йил кузда Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг фаолиятини бошлаган бу ташкилот энг аввал дунёда бошқа урушга йўл қўймаслик учун ташкил этилганди. Бироқ у бунинг уддасидан чиқа олмади.
Бунинг устига, урушнинг асосий ғолиблари бўлган СССР (ҳозир Россия), Британия, Франция, АҚШ ва Хитой (1971 йилгача Тайван) ташкилот хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлиб олиб, бугунгача дунё сиёсий саҳнасида хоҳлаган ишини қилиб келяпти.
БМТ бир пайтлар ўзидан аввал фаолият кўрсатган Миллатлар Лигаси деб аталган ташкилот ўрнига ташкил этилганди. Миллатлар Лигасини ҳам 1919-1920 йилларда Биринчи жаҳон уруши ғолиблари тузганди.
Ўшанда халқаро ташкилотни тузишдан мақсад энг аввал дунёда урушга йўл қўймаслик эди. Бироқ Миллатлар Лигаси ва унинг вориси бўлган БМТ бу масалада ожизлик қилди ва дунёда жуда кўплаб урушлар содир бўлди.
Миллатлар Лигасининг ташкил этилиши
1918 йил 11 ноябр куни Франциянинг Пикардия регионида жойлашган Компиен шаҳрида Антанта иттифоқи ва Германия томони тинчлик сулҳи имзолайди.
Шу тариқа, тўрт йил давом этган Биринчи жаҳон уруши тугайди. Бу урушда Германия ва унинг иттифоқчилари мағлуб бўлади. Антанта давлатлари ғалаба қозонади.
Компиен сулҳида Германия босиб олган ҳудудларни ташлаб чиқиш, кейин ҳам ўша ҳудудларга даъво қилмаслик, оғир қуролларни Антанта давлатларига топшириш ва ғолибларга товон пули тўлаш мажбуриятини олади.
Орадан бир неча ой ўтгач, 2019 йил 18 январ куни Парижда Германия ва унинг иттифоқчиларига умумий жазо бериш, бошқа урушга йўл қўймаслик мақсадида Париж тинчлик конференцияси ўз ишини бошлайди.
Аввалига АҚШ президенти Вудро Вилсон томонидан ташкил этилган ва Версал-Вашингтон тизимига асосланган тинчлик режаси тақдим этилади. Бу режа 14 банддан иборат бўлгани учун тарихда «Ўн тўрт банд» номи билан қолган.
Режада дунёнинг барча ҳудудларида иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланишини ортга сураётган тўсиқлар олиб ташланиши, армиялар қисқартирилиши ва бошқа урушга йўл қўймаслик ҳақидаги бандлар бор эди.
Шунингдек, Вилсоннинг режасида Полшанинг мустақил давлатга айланиши (ўшангача Полша Россия империяси таркибида бўлган) кўзда тутилганди.
Бундан ташқари, Америка президенти давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигини кафолатловчи турли давлатлар ва миллатлар вакиллари иш олиб борадиган халқаро ташкилот тузишни илгари сурганди.
Ўшанда конференцияда сўзга чиққан давлатлар раҳбарлари Биринчи жаҳон уруши инсоният тарихида сўнгги уруш бўлиб қолиши кераклиги ва бундан буён қуролли тўқнашувларга бошқа йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлашади.
Париждаги конференция давом этар экан, 1919 йил 25 январ куни Биринчи жаҳон урушининг асосий ғолиблари янги халқаро ташкилот тузиш ҳақидаги лойиҳани тасдиқлашади.
Вилсоннинг режаси тўлдирилиб, 26 та бандга етказилади ва у конференцияда иштирок этаётган 44 давлат вакиллари томонидан қабул қилинади. Шундан сўнг умумий келишув имзоланади.
Энг қизиғи, АҚШ ана шу келишувни ратификация қилмайди ва халқаро ташкилотга қўшилмайди. Чунки Вилсон ўз режаларининг бироз ўзгартирилгани ва тўлдирилганини «ҳазм» қила олмайди.
Ташкилотнинг биринчи раҳбари британиялик Жеймс Эрик Драммонд бўлган. Бу шахс Миллатлар Лигасини 1933 йилгача бошқарган.
1933 йилдан 1940 йилгача ташкилотга франциялик Жозеф Лиу Анн Авенол, 1940 йилдан 1946 йилгача унга ирландиялик Шон Лестер раҳбарлик қилган.
Миллатлар Лигаси Кенгашига аввалига Британия, Италия, Франция ва Япония (Биринчи жаҳон урушининг асосий ғолиблари) доимий аъзо бўлишади.
1926 ва 1934 йилларда қўшилган СССР ҳам унинг доимий аъзосига айланади. Ташкилотнинг асосий тили инглиз ва француз бўлган. Шунингдек, ташкилот сунъий ўйлаб топилган эсперанто тилини ёйиш учун ҳаракат қилган.
Ҳудудий масалаларнинг ҳал қилиниши
Биринчи жаҳон урушида дунёдаги тўртта йирик империя – Россия, Германия, Австрия-Венгрия ва Усмонийлар империяси парчаланади. Кўплаб халқлар ўзини мустақил деб эълон қилади.
Ана шундай вазиятда янги ташкил этилган Миллатлар Лигаси айрим давлатлар орасида баҳсли бўлиб турган ҳудуд ва чегара масаласини ҳал қилиши лозим эди.
Ана шу йўлда Австрия-Венгрия империяси таркибида бўлган чехлар ва словаклар битта давлат – Чехословакияга бирлаштирилади.
1917 йилгача Россия империяси таркибида бўлган Финландия, Латвия, Литва, Эстония ва Полша мустақил давлатларга айланади.
Венгрия таркибида бўлган ва асосан украиналар яшайдиган Подкарпат ўлкаси славянлар яшайдиган Чехословакия таркибига киради.
Миллатлар Лигаси ўзини маданиятли дунё деб биладиган Европада бирмунча тартиб ўрнатади. Бироқ дунёнинг бошқа ҳудудлардаги мустамлака бўлиб турган ҳудудларни озод қилиш, уларга мустақиллик бериш ҳақида умуман гап йўқ эди.
Ташкилотнинг иши бир тарзда давом этар экан, 1930-йиллар бошларида дунёдаги вазият ўзгара бошлайди. «Буюк турғунлик» деб аталадиган иқтисодий инқироздан чиқиб олган АҚШ 1933 йилдан бошлаб Марказий ва Лотин Америкада, Тинч океани ҳавзасида ўз таъсирини оширади.
Япония эса бу пайтда Корея яримороли ва Манжурияни, кейинроқ Хитой ва Ҳиндихитойдаги катта ҳудудларни босиб олади.
Европада эса энг йирик давлатлардан бири бўлган Германия тепасига нацистлар раҳнамоси Адолф Ҳитлер келади ва қўшни давлатларга хавф туғдира бошлайди.
Ана шундай вазиятда бир пайтлар дунёда урушга ва бошқа келишмовчиликларга барҳам бериш учун тузилган Миллатлар Лигаси ожиз қолади.
Миллатлар Лигаси аралашган энг биринчи қуролли можаро бу Жанубий Америкада бўлиб ўтган Боливия-Парагвай уруши эди. Бироқ ташкилот ўшанда ҳудуд масаласида келиша олмаётган бу икки давлатни яраштира олмаганди.
Кейинроқ Миллатлар Лигаси Италия-Эфиопия урушига, Испанияда фуқаролар урушига таъсир этишга уринади. Бироқ бу муваффақиятсиз тугайди.
Шунингдек, ташкилот Германия ва СССРнинг Шарқий Европадаги босқинчилик юришларига қарши чиқади. Жумладан, Германиянинг 1938 йилда Чехословакияга, 1939 йил 1 сентябр куни Полшага бостириб кирганини қоралайди.
Бундан ташқари, СССРнинг 1939 йил 17 сентябр куни Полшага, 1939 йил 30 ноябрда Финландияга бостириб кирганига норозилик билдиради.
1939 йил 14 декабр куни Миллатлар Лигасининг Женева шаҳридаги бош қароргоҳида ўтказилган йиғилишда СССРни ташкилотдан чиқариб юбориш ҳақидаги резолюция қабул қилинади.
Шу тариқа советлар вакили халқаро ташкилотдан чиқариб юборилади. Маълумот учун, СССР Миллатлар лигасига 1934 йилда қўшилганди. Унгача ташкилотнинг аксарият аъзолари бу давлатнинг вакилини Женевада кўришни хоҳлашмаган.
Агар Миллатлар Лигасининг 1920-1946 йилдаги тарихига назар ташланса айрим давлатлар ташкилотга кейинроқ аъзо бўлганини, бошқалари эса чиқиб кетганини кўриш мумкин.
Масалан, йирик давлатлардан Германия Миллатлар Лигасига 1926 йилда аъзо бўлган. Ҳокимият тепасига Ҳитлер келгач 1933 йилда ташкилотдан чиқиб кетган.
Венгрия 1922 йилда қўшилган, 1939 йилда тарк этган. Австрия 1920 йилда аъзо бўлган, 1938 йилда чиқиб кетган. Югославия 1929 йилда қўшилган, 1941 йилда тарк этган, 1944 йилда қайта аъзо бўлган.
Шунингдек, илк қўшилган давлатлардан Бразилия 1926 йилда, Дания 1940 йилда, Испания 1939 йилда, Парагвай 1935 йилда, Руминия 1940 йилда, Чехословакия 1940 йилда (немислар босиб олгани учун), Япония 1933 йилда, Италия 1937 йилда ташкилотни тарк этган.
Миллатлар Лигасининг таркибий бўлимлари
Миллатлар Лигасида бир неча бўлим алоҳида иш олиб борган. Жумладан, ташкилотда қуйидаги бўлимлар бўлган:
· Халқаро суднинг доимий палатаси;
· Қуролсизлантириш қўмитаси;
· Мандатлар комиссияси;
· Интеллектуал ҳамкорлик бўйича халқаро ташкилот;
· Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти;
· Халқаро меҳнат ташкилоти;
· Гиёҳванд моддалар тарқалишини назорат қилиш бўлими;
· Қулликка ва одам савдосига қарши кураш;
· Қочоқлар иши бўйича комиссия;
· Аёллар ҳуқуқи бўйича қўмита;
Ташкилотнинг бу бўлимлари дунёнинг турли ҳудудларида оғир шароитларда иш олиб боради. Жумладан, халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти тиф касаллигини бартараф этиш бўйича анча ишларни амалга оширади.
Қулликка ва одам савдосига қарши комиссия эса одам савдоси ва қулдорлик сақланиб қолаётган Африка давлатларида муваффақиятли ишлайди.
БМТ тузилгандан сўнг Миллатлар Лигаси таркибида бўлган аксарият бўлимлар янги ташкилот сафига ўтади.
БМТнинг ташкил этилиши ва Миллатлар Лигасининг тугатилиши
1943 йилда Иккинчи жаҳон урушида вазият ўзгаради. Устунлик немисларга қарши жанг қилаётган кучларга ўта бошлайди.
Ўша йили СССР, АҚШ, Буюк Британия давлат раҳбарлари Иосиф Сталин, Франклин Рузвелт ва Уинстон Черчилл Теҳронда учрашади.
Дунёдаги барча мустақил давлатларни қамраб оладиган ҳамда Ер юзидаги сиёсий жараёнларни назорат қиладиган янги халқаро ташкилот тузиш ғояси илк бор Теҳрон конференциясида муҳокама қилинади.
1944 йил 28 августда Вашингтон шаҳри яқинидаги Думбартон-Окс шаҳарчасида юқоридаги уч давлат делегацияси иштирокида янги тузиладиган халқаро ташкилотга кимларни аъзо қилиш масаласида конференция ўтказилади ва кўпгина масалалар келишиб олинади.
1945 йил 4-11 феврал кунлари Ялтада ўтган конференцияда яна Сталин, Рузвелт, Черчилл янги халқаро ташкилотни тузиш масаласида музокараларни давом эттиради.
Ўша йили 25 апрелда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида дунёнинг 50 давлатидан келган делегация Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тузиш учун йиғилади.
26 июнда ўтказилган конференциянинг сўнгги кунида делегациялар томонидан 1945 йил 24 октябрдан кучга кирадиган БМТ устави имзоланади. Шу тариқа, 1945 йил 24 октябрь куни БМТ фаолиятини расман бошлайди.
Сан-Франциско конференциясига етиб бора олмай БМТ уставини 15 октябрда имзолаб, рўйхатга кейин қўшилган Полша билан бирга дунёнинг 51 давлати унинг илк таъсисчилари бўлади.
Маълумот учун, ўша пайтда СССР БМТда ўз тарафдорларини кўпайтириш учун Украина ва Беларус номидан алоҳида ариза беради. Шу тариқа бу икки республика СССР таркибида бўлса ҳам БМТнинг илк таъсисчилари сафига киради.
БМТ ўз ишини бошлаган пайтда Миллатлар Лигаси ҳам фаолият кўрсатар эди. 1946 йил 8 апрел куни Женевада Миллатлар Лигасининг сўнгги ассамблеяси ўтказилади.
Унда қатнашганлар Миллатлар Лигасига тегишли бўлган вазифа ва мажбуриятларни янги ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ўтказиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилишади.
1946 йил 18 апрел куни Миллатлар Лигаси ассамблеяси ташкилот ўз фаолиятини тўхтатиши учун овоз беради. Шу тариқа 36 йил фаолият кўрсатган халқаро ташкилот ўз фаолиятини тугатади.
Шундан сўнг Миллатлар Лигасининг барча вазифа ва мажбуриятлари БМТга ўтади. Бироқ янги ташкилот ҳам дунёда тинчлик ўрната олмади. Кўп ўтмай Хитойда, Корея яриморолида, Ҳиндихитойда ва дунёнинг бошқа ҳудудларида фуқаролар урушлари бошланиб кетди.
Бу йил БМТ ташкил этилганига 79 йил тўлди. Ташкилотнинг Хавфсизлик кенгашига ҳанузгача урушнинг АҚШ, Россия, Британия, Франция ва Хитой доимий аъзо ҳисобланади.
Анча йиллардан буён ташкилотни ислоҳ қилиш ва дунёда содир бўладиган қуролли можаролар бўйича кескинроқ қарорлар чиқариш ва амалий чоралар кўриш ҳақидаги таклиф ортга суриб келинмоқда.
Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлат иккита қутбга бўлиниб, ўзаро рақобатлашиб, бир-бирининг таклифларига вето қўйиш билан банд. Бунинг жабрини эса дунё аҳли тортмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Kun.uz
- Қўшилди: 11.10.2024
- Кўришлар: 636
- Чоп этиш