Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик ва бола ҳуқуқларининг устуворлиги каби асосий принциплари белгиланмоқда.
Бу Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунда акс этмоқда.
Қонунда Болалар омбудсманининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.
Мазкур масала юзасидан муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева қонунларимизга, кодексларга аёллар ва болаларимизга нисбатан турли тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини бартараф қилиш бўйича жуда муҳим ўзгаришлар киритилганини қайд этди.
– Энг асосий вазифамиз – болаларимизни давлатимиз томонидан берилаётган барча шароитлар билан амалда таъминлаш керак. Қандайдир сабаб билан, кимнингдир хоҳиши билан болалар ҳуқуқлари поймол қилиниши, болаларимизнинг мактабга бормаслиги ёки касб ўрганмаслиги, қизларимиз салоҳиятини намоён қилиш имкониятидан чекланиб, эрта турмушга бериб юборилиши – ҳаммасининг олдини олишимиз зарур. Бу борада ҳамманинг олдида жуда катта вазифалар турибди, – деди Т.Норбоева.
Қонунга боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши мажбурий тартиб сифатида киритилмоқда.
Бундан ташқари, Болалар омбудсмани маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши, Болалар омбудсмани бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганини аниқланганда, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига тақдимномалар киритиши мумкинлиги қонундан ўрин олган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши ҳуқуқидан фойдаланиш ваколати берилмоқда.
Қонунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари тайинланиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида турган болалар ёзма шаклдаги мурожаатларини Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юбориши мумкини белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган ушбу қонун болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Болалар омбудсманининг ролини кучайтиради.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 09.02.2024
- Кўришлар: 2077
- Чоп этиш