Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъулларининг сўзларига кўра, жорий йил 13 февраль куни қарийб 1 миллион нафар ўқувчи мактабга бормаган. Шундан 800 минг нафардан ортиғи сабабли, салкам 95 минги эса мактабга сабабсиз равишда бормаган.
Қайд этилишича, электрон тизимда болалар давомади 95-98 фоиз қилиб ёзилган бўлса-да, асл ҳолатда келмайдиган ўқувчилар сони кўпчиликни ташкил қилади.
Қонунчиликда боланинг таълим олиш ҳуқуқи ва бу ҳуқуқни амалда рўёбга чиқариш борасида давлатнинг, шу жумладан ота-оналарнинг мажбуриятлари белгиланган. Хўш, аслида фарзандини мактабга юбормаганларга қандай жавобгарлик бор? Дарс қолдирган болаларнинг муаммосини ўрганишга ким масъул?
Ҳуқуқшунос Дилмурод Ражаббоев томонидан таълим олиш ҳуқуқи ва унга тўсқинлик қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумот берилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, мавжуд қонунчиликка асосан, ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга. Конституциянинг 50-моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга экани, 77-моддада эса ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга кўра эса, давлат боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим ва ўрта махсус таълим олишини кафолатлайди.
Демак, боланинг бепул таълим олишини давлат кафолатлаб, таъминлаб бермоқда. Ота-оналар эса боланинг ўз вақтида таълим олиши учун шароит яратиб бериши лозим.
Шунингдек, боланинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай меҳнат – мажбурий меҳнат деб баҳоланади. Конституциянинг 44-моддасида болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланган.
Демак, ҳеч бир шахс боланинг мактабга боришига тўсқинлик қилиб, уни ишлатиши мумкин эмас. Яъни, болани ўқиш вақтида турли ҳашарларга ёки бошқа ишларга жалб қилиш Конституция билан тақиқланган.
Хўш, дарс қолдирган болаларнинг муаммосини ўрганишга ким масъул?
Дарс қолдирган болаларнинг муаммосини ўрганиш ва уни бартараф қилиш учун – мактаб, ҳокимлик, мактабгача ва мактаб таълими органлари ҳамда Миллий гвардия масъул.
Юқоридаги органлар болаларни дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориши ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриши керак.
Бу қай тартибда амалга оширилади?
Дарсга келмаётган бола билан индивидуал иш олиб борилади, ота-онаси мактабга чақиртирилади, зарурат бўлганида боланинг уйига борилади, хуллас, боланинг дарсда қанташишини таъминлаш чораси кўрилади.
Бола дарсга ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс сабабли келмаётган бўлса, уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
Боланинг мактабга боришига тўсқинлик қилиш учун белгиланган тартибда жавобгарлик бор.
Хусусан, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима;
юқоридаги ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима;
болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима;
таълим олишга тўсқинлик қилиш маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йилда такрор содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
- Қўшилди: 19.02.2024
- Кўришлар: 1996
- Чоп этиш