15.04.2019

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари янада кучайтирилди

Энди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳам реабилитация қилиш марказларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (313-сон, 14.04.2019 й.). Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.

Қонунчиликка мувофиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.

Киритилган қўшимчаларга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили ҳам реабилитация қилиш марказларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, реабилитация маркази бу муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни уларнинг шахси аниқлангунгача маъмурий суднинг ажрими асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб туриш ва реабилитация қилиш учун мўлжалланган ички ишлар органлари тизимидаги давлат муассасасидир.

манба: ЎзА

Orqaga