Дунё келажакка сармоя киритиш ўрнига уруш ва можароларга 17 триллион доллар сарфлади. Бу ҳақда БАА келажак вазири Муҳаммад Абдулла Ал Гергавийга таяниб, Аl Arabiya хабар берди.
Вазир 12 февраль куни Дубайда бошланган Бутунжаҳон ҳукумат форумининг (WGS) очилишида тегишли маълумот билан бўлишди.
“Ўтган йили қурилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш каби шошилинч эҳтиёжлар ўрнига урушлар ва можаролар учун ўн етти триллион доллар сарфланди”, — дейди Ал Гергавий.
Унинг сўзларига кўра, бу маблағнинг қарийб олти фоизи бир йил ичида инсоният олдида турган энг муҳим муаммолар харажатларини қоплаши мумкин эди.
“Масалан, очлик ва саводсизликни бартараф этиш, саратон касаллигига қарши курашни қўллаб-қувватлаш ва инсониятни тоза сув билан таъминлаш мумкин. Тасаввур қилинг-а, агар биз инсоният олдида турган бошқа муаммоларни ҳал қилишга кўпроқ сармоя кирицак, нимага эришиш мумкин эди”, — дейди вазир.
WGS форумида урушлар ва қуролли можароларга барҳам бериш, экологик муаммолар, иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсиш ва ҳоказоларни кўриб чиқишдан ташқари, сунъий интеллект, унинг ривожланиши ва инсониятга таъсири ҳам муҳокама қилинади.
“Бизни инсоният сифатида бирлаштирадиган нарса бизни ажратиб турадиган нарсадан кўра кўпроқдир. Сайёрамиздаги ресурсларга яхши сармоя киритилса ва инсоният фаровонлиги учун фойдаланилса, биз ва келажак авлодлар учун етарлидир. Урушда кучлилар ғалаба қозонмайди, аксинча тинчликни заифлар йўқотади”, — дейди БАА вазири.
Унинг таъкидлашича, глобал ўсишнинг 50 фоизи фақат Хитой ва Ҳиндистон — глобал иқтисодий ўсиш келажагини белгилайдиган икки давлатдан келади. Биргина Хитой ўтган йили сунъий интеллектга 29 минг патентга сармоя киритган — бу АҚШникидан тўрт баравар кўп. Бундан ташқари, Ҳиндистон “технология ва фан каби турли соҳаларда ўсиб бораётган супер кучдир”.
Осиё-Тинч океани минтақасининг қолган қисми глобал ўсишнинг 25 фоизигача ҳисса қўшади.
Daryo.uz
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 2202
- Чоп этиш