Франк-Валтер Штайнмайернинг таъкидлашича, немис босқинчилари томонидан Мардзаботтодаги қирғин ва Италиядаги бошқа ҳарбий жиноят ҳақида Германияда «деярли ҳеч ким хабардор бўлмаган».
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер 1944 йилда Мардзаботтода содир бўлган қирғиндаги қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирда иштирок этиш учун Италияга учиб борди. 80 йил олдин Болоня жанубида жойлашган ушбу қишлоқда CC ҳарбий хизматчилари камида 770 нафар тинч аҳолини, жумладан, 200 дан ортиқ болани ўлдирган.
«Германиянинг федерал президенти сифатида бугун қаршингизда турибман ва уят ҳамда қайғудан бошқа нарса ҳақида гапира олмайман. Барча марҳумлар қаршисида бошимни эгаман. Бугун сизлардан бутун мамлакат номидан кечирим сўрайман», — дейди Германия президенти.
Штайнмайернинг таъкидлашича, немис босқинчилари томонидан Мардзаботтодаги қирғин ва Италиядаги бошқа ҳарбий жиноят ҳақида Германияда «деярли ҳеч ким хабардор бўлмаган». «Айнан шу боисдан бугун шу ердаман», — дея қайд этади у.
14 март куни Италияда нацистлар жиноятларига бағишланган хотира маросими бўлиб ўтганди. 1944 йил март ойида нацистлар Рим яқинида 335 нафар италияликни ўлдирган эди — бу партизанлар томонидан ССнинг «Боцен» полкини 33 нафар полициячиси ўлдирилгани учун қасос бўлган. Маросимда иштирок этган маданият вазири Клаудиа Рот ушбу воқеани «даҳшатли» деб таърифлаганди. У ҳам Германия Италия ва бутун Европа олдидаги тарихий масъулиятини англашини билдирган.
1939 йилда, Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда фашист диктатор Бенито Муссолини раҳбарлиги остида Италия Гитлер Германияси билан иттифоқчига айланган. 1943 йил июлда Муссолини ҳокимиятдан ағдарилгач, Италия қисман Германия томонидан эгаллаб олинган эди.
Kun.uz
- Қўшилди: 30.09.2024
- Кўришлар: 737
- Чоп этиш