Биргина кам таъминланган оилаларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, тизимни шаффоф қилиш ҳисобига, 550 минг ўзига тўқ, машинаси бор, доимий даромадга эга оила бундай тоифадан чиқарилди. Натижада, бюджетдан йилига 2,5 триллион сўм асоссиз харажатнинг олди олинди.
1 июндан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради:
- эҳтиёжманд тоифани белгилаш бўйича аниқ мезонлар ишлаб чиқилади ва ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган ҳар бир аҳоли идентификация қилинади;
- уларнинг ҳар бири бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади.
Ҳар бир савол бўйича одамнинг ўзи нима қилгани, маҳалла қандай ёрдам кўрсатгани, хонадонда нима ўзгаргани мониторинг қилинади.
Яна бир муҳим жиҳати, маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этиш йўлга қўйилади. Бунда, хизмат кўрсатувчи ҳам, ёрдам олувчи ҳам ўзига мажбурият олади.
Албатта, ижтимоий ҳимоя тизимининг маҳалла даражасига туширилиши ҳокимлар, ҳоким ёрдамчилари, маҳалла идоралари учун осон бўлмайди. Аммо бу ечим кўпинча “хўжа кўрсин”га ўтказилаётган турли қабуллар ва тадбирлардан фарқли ўлароқ, ҳар бир туман-шаҳарда, вилоятда ва ниҳоят, республика миқёсида ҳақиқий ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларини тўғри аниқлаш, уларга манзилли кўмак беришга хизмат қилади.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти