Канадалик актёрлар, режиссёрлар ва мусиқачилар сунъий интеллект уларнинг тирикчилиги ва обрўсига таҳдид солаётганини айтиб, хавотир билдирмоқда.
Телевидение, кино ва мусиқа соҳасида фаолият юритувчи ходимларнинг бир гуруҳи маҳаллий ҳукуматни AI (сунъий интеллект) қонунчилигида ўз соҳаларини ҳимоя қилишга чақирмоқда.
“ACTRA” актёрлар уюшмасининг таъкидлашича, сунъий интеллектдан чексиз фойдаланиш – сунъий равишда яратилган видеоларда одамларнинг исмлари ва тасвирлари нотўғри ишлатилишига олиб келиши мумкин.
– Мамлакат миқёсидаги кўнгилочар дастурларда ўз обрў-эътиборимиз, исмимиз, имижимиз бор, биз брендмиз, -деди Канада санъаткорлари алянсининг президенти Эленор Нобел парламент палатасининг саноат қўмитасига юзланиб.
Шу кунларда қўмита ҳукумат томонидан таклиф этилган сунъий интеллект тўғрисидаги қонунни ўрганиб чиқмоқда.
Ўтган йили сунъий интеллектнинг таъсири Қўшма Штатлардаги актёрлар ва ёзувчиларнинг бир гуруҳини иш ташлашга мажбур қилган эди.
Канада Директорлар Гильдияси вакилларининг таъкидлашича, ChatGPT каби генератив AI катта ҳажмдаги ишларни рухсатсиз бажаради, бу эса экзистенциал таҳдид демакдир.
Aввалига генератив AI ёзма матнлар, тасвирлар ва видеолар каби катта ҳажмдаги мавжуд материаллар билан бойитилади, кейинчалик тизим бу материаллардан “ижод намуналари” яратишда фойдаланади.
Масалан, Жорж Р.Р. Мартиннинг “Тахтлар ўйини” каби бир қатор китоблар билан таъминланган тизим кейинчалик муаллиф услубида худди шунга ўхшаш асарлар ёза олади.
Канадада муаллифлик ҳуқуқи қонуни AIга қандай татбиқ этилиши ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда. Либерал ҳукумат яқинда муаллифлик ҳуқуқи ва генератив AI бўйича маслаҳатлашувлар ўтказган эди, AҚШда эса бу масала бўйича бир қатор юқори даражадаги суд жараёнлари аллақачон бошланган.
Ў.Aлимов, ЎзA
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 2188
- Чоп этиш