“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси (виртуал академия)да ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
Низомга мувофиқ, виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилади.
Академияда ўқитиш базавий (барча фойдаланувчилар учун бепул) ҳамда махсус (тўлов-шартнома асосида) ўқув курслари бўйича йўлга қўйилади.
Базавий ва махсус ўқув курслари ишдан ажралмаган ҳолда, асинхрон режимида масофадан туриб, электрон таълим ресурсларини мустақил равишда ўзлаштириш асосида амалга оширилади.
Базавий ўқув курслари таълим олувчиларга коррупция тушунчаси, тарихи, оқибатлари, унга қарши курашиш ва олдини олишга доир масалаларни тушунтириш, янгиликлар, муаммоли вазиятлар ва уларнинг ечимлари, савол-жавоб ҳамда турли хил синовлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари билан биргаликда алоҳида ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.
Махсус ўқув курсларида малака ошириш барча давлат хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади. Бунда, ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида ўқув курсидан ўтади, малака оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади.
Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи хизматчилар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади.
Виртуал академияда ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиб бориш агентлик томонидан амалга оширилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ҳар чоракнинг охирги ойи 25-санасига қадар ишга қабул қилинганига уч ой тўлган давлат хизматчилари тўғрисида агентликка тақдим этилган маълумотлар асосида академия билан келишилган ҳолда ўқитиш режа-графиги тасдиқланади.
Давлат органлари ва ташкилотлари виртуал академиянинг махсус ўқув курсларида ўз ходимларининг ўқишга қатнашиши учун масъул ҳисобланади.
Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаганларга сертификат берилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 04.11.2024
- Кўришлар: 514
- Чоп этиш