Аҳоли фаровонлиги, мамлакат иқтисодиётининг ўсиши фуқароларнинг меҳнат ва доимий иш билан бандлик даражасига бевосита боғлиқ. Бу борада юртимизда аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда фуқароларни хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишларига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан хорижий давлатлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида қатор давлатлар салоҳиятли иш берувчилари билан келишувларга эришилмоқда.
Хорижий давлатларга меҳнат мигрантларини давлат томонидан шартномалар асосида юбориш борасидаги ишлар ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари Хўжаакбар Файзуллахўжаев билан суҳбатлашдик.
— Ҳукумат даражасида мигрантларни иш билан таъминлаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда, қайси давлатлар билан шартномалар имзоланган?
— 2023 йилда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш орқали фуқароларнинг хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишларига кўмаклашиш, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш, хориждан қайтган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йилда 24 та хорижий давлатларнинг 398 та йирик иш берувчи ташкилотлари ва рекрутинг агентликлари билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Саъй-ҳаракатлар, тизимли мулоқотлар натижасида Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 118 та шартнома имзоланишига эришилди. 2023 йил давомида иқтисодиёти ривожланган давлатлар билан ўтказилган музокаралар натижасида Агентлик билан ҳамкорлик келишуви имзолаган мазкур иш берувчи ва рекрутинг агентликларининг 100 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланди. 60 мингта бўш иш ўрнига талабнома олинди.
— Юртимиз меҳнат мигрантлари томонидан қайси давлатларга бориб ишлаш талаби юқори?
— Бугунги кунда меҳнат миграцияси георгафиясини кенгайтириш, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни дунёнинг ривожланган давлатларига ишга жалб қилиш, хусусан, Европа давлатлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилда хорижий давлатларга 3 минг 500 дан ортиқ фуқароларимиз ташкиллаштирилган ҳолда юборилган бўлса, 2023 йилда 38 мингдан зиёд юртдошларимиз хорижий давлатларга манзилли ишларга жалб қилинди.
Айни пайтда фуқароларимиз томонидан асосан Жанубий Корея, Буюк Британия, Япония, Германия, Литва, Туркия каби давлатларга бориб ишлашга талаб юқори. Ўз навбатида, ушбу давлатлардан ҳам бўш иш ўринлари бўйича талабномалар мавжуд ва вақти-вақти билан танловлар ўтказилмоқда.
— Маълумотларга кўра, Европа мамлакатларига ўзбеклар учун иш ўринларига таклифлар ортган, ўз навбатида, фуқароларимиз томонидан ҳам талаблар кўпайган, тўғрими?
— Таъкидлаш керакки, Европа давлатларида демографик муаммолар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишчи кучи етишмовчилиги хорижий ишчи кучига талабни оширмоқда. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда фуқароларимиз Европа давлатларига ташкилий ишларга жўнатилмоқда. Шуни алоҳида айтиш лозимки, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан дейлик, бундан 5-6 йил олдин Европа давлатларига фуқаролар ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатилмаган. Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу давлатлар салоҳиятли иш берувчилари билан келишувларга эришилиб, сўнгги йилларда фуқаролар Европанинг турли давлатларига ташкилий ишларга юборилмоқда ва бу, албатта, йилдан-йилга кенгайтирилмоқда.
— Россия Федерацияси ҳудудида ҳозирда қанча ўзбек меҳнат мигранти бор?
— Бугунги кунда Россияда бир миллион атрофида Ўзбекистон фуқаролари вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Албатта, мигрантларимиз сони мавсумга кўра ўзгариб туради.
— Хориждаги иш берувчилар ишчиларни танлаб олишда асосан нималарга эътибор беришади? Уларнинг ҳам ўзига яраша талаблари бўлса керак, албатта?
— Дарҳақиқат, ҳар қандай иш берувчи аниқ натижага эришиш мақсадини кўзлайди. Шундан келиб чиқиб, иш берувчилар фуқароларни асосан малака тажрибаси, чет тилини билиш даражаси, ишчанлик қобилияти каби жиҳатларига кўра танлаб олади.
Ўз ўрнида дунёнинг ривожланган давлатларига бориб ишлаётган ва ишлаш учун кетаётган юртдошларимиз ҳам миграция қонунчилигига риоя қилиши лозим. Меҳнат мигрантларимизнинг меҳнат шартномаси талабларини бузмаслиги, иш берувчилар ҳурматини қозониши кейинчалик ушбу давлатларга Ўзбекистондан миграция оқими ҳажмининг ортишига ёрдам беради.
— Бугун дунёдаги қалтис бир вазиятда хориждаги ватандошларимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш муҳим масала. Мигрантларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Агентлик томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда?
— 2023 йилда бу борада ҳам қатор амалий ишлар қилинди. Агентлик томонидан хорижда меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида мунтазам мониторинг олиб борилади. Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ишчи гуруҳининг Буюк Британия, Руминия, Туркия, Латвия, Литва, Корея, Япония, Россия, Қозоғистонга 20 маротаба хизмат сафари ташкил этилиб, 110 та корхонада ишлаётган 18 мингдан ортиқ меҳнат мигрантларининг яшаш ва меҳнат шароитлари ўрганилди.
Шунингдек, Агентлик ваколатхоналари ва вакиллари, консуллик муассасалари томонидан 1 минг 448 та корхонада ишлаётган 169,8 минг нафардан ортиқ меҳнат мигрантлари фаолияти мониторинг қилинди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси вакилларидан иборат делегациянинг Жанубий Кореяга хизмат сафари давомида Тэжон, Пусан, Улсан, Похан ҳамда Сеул шаҳарларидаги корхоналарда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимиз ҳамда уларнинг иш берувчилари билан учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда юртдошларимизга маънавий соғлом бўлиш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, турли бузғунчиликлардан огоҳ ва ҳушёр бўлиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Агентлик хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида хориждаги 47 та ўзбек диаспоралари ва 2 та Ватандошлар жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик шартномаларимиз мавжуд.
Мониторинглар давомида меҳнат шартномаси шартлари бажарилиши, меҳнат мигрантларининг меҳнат қилиш ва яшаш шароитларини ўрганиш жараёнларида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Рақамларга мурожаат қилсак, 2023 йил давомида жами 227 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан 197 мингдан ортиғига ахборот ва маслаҳат хизмати, 13 мингга яқинига ҳуқуқий, 13 мингдан ортиғига ижтимоий, 3 мингга яқинига моддий кўмак кўрсатилган.
Шунингдек, 115 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган. Оғир вазиятларга тушиб қолган 547 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган. Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 1 миллион 700 минг АҚШ долларидан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилган.
Бир сўз билан айтганда, фуқароларимизни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш ва меҳнат мигрантларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар мунтазам равишда давом эттирилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.
- Қўшилди: 19.02.2024
- Кўришлар: 2232
- Чоп этиш