Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоийнинг адабий меросида фиқҳ масалалари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, навоийшунос олимлар, ёзувчилар ҳамда театр актёрлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Алишер Навоий ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этган.
Филология фанлари доктори, профессор Олимжон Давлатов Навоий ва унинг илмий-ижодий мероси ҳақида сўз юритар экан, Алишер Навоий давлатчилик жараёнлари ва ҳужжатларга ўзбек тилини олиб кирганини таъкидлади. Шунингдек, навоийшунос олим Алишер Навоий адолат ҳақида кўп гапирганини, кўп ёзганини, фаол фуқаролик позициясига эга, юртда адолат ва ҳақиқат устуворлиги учун собит турадиган зот бўлганини алоҳида эътироф этди.
— Навоий талқинида адолат барчанинг тенглиги эмас, тенгсизликлар уйғунлигини таъминлашдир. Шаксиз, адолат — Алишер Навоий ижодининг ўқтомирини ташкил этади. Шундай экан, давлатчилик, бошқарувнинг асоси ва ўқтомири адолат тамойили ҳисобланади, — деди Олимжон Давлатов.
Шунингдек, тадбирда навоийшунос олима Буробия Ражабова сўзга чиқиб, ҳазрат Алишер Навоий нафақат илмий-ижодий, балки миллий давлатчилик ва адолатли жамият барпо этиш борасидаги фаолияти билан ҳам жаҳон тарихида ўчмас из қолдирганини қайд этди. Олима таъкидлаганидек, Навоий асарларида давлатчилик асослари, инсон ҳуқуқи масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, фаровон жамият, адолатли бошқарув ғоялари акс этган. Кечиримли бўлиш ва авф масаласида Навоийга тенг келадигани бўлмаган.
Алишер Навоий давлатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалаларига ҳам масъул бўлган. Шунингдек, Буробия Ражабова Навоий оналарнинг ҳақ-ҳуқуқларини кенг ёритган шоир эканини, буюк аждодимизнинг асарлари дунёнинг кўплаб кутубхоналарида сақланаётгани, жаҳон илм аҳли томонидан кенг ўрганилаётганини таъкидлади.
Алишер Навоий фиқҳ илмининг чуқур билимдони, ҳозирги замон ибораси билан айтганда, етук ҳуқуқшунос бўлган. Фиқҳ илми борасидаги қарашлари унинг “Назм ул-жавоҳир”, “Мажолис ун-нафоис”, “Хазойин ул-маоний”, “Тарихи мулки ажам” номли асарларида ўз ифодасини топган.
Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг адабий мероси, хусусан, унинг ҳуқуқшуносликка оид қарашлари кенг миқёсда ўрганилиши, ёшларнинг тарбиясига сингдирилиши зарурлигини қайд этди.
Тадбирнинг бадиий қисмида актёрлар Рихситилла Абдуллаев ҳамда Мадина Мухторова ижросида “Алишер Навоий” спектаклидан парча намойиш этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 08.02.2024
- Кўришлар: 2424
- Чоп этиш