Алишер Навоий ижоди ҳақида гап кетганда айрим адабиётшунослар унинг асарларидаги кўпчиликка таниш бўлган жиҳатлари ҳақида гапиришади. Буюк бир даҳонинг асарлари ҳақидаги ўхшаш фикрларни эшитиш эса одамни қизиқтирмаслиги, эътиборини тортмаслиги табиий. Аслида Навоий асарларининг ҳали ўрганилмаган, сизу бизга нотаниш бўлган жиҳатлари кўп.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Қодиржон Эргашев Алишер Навоий ижодида новаторликка бўлган муносабат хусусида фикр билдирди.
—Навоий ижодини ўрганишда кўпроқ қайси жиҳатларига эътибор қаратиш зарур?
—Буюк аждодимиз Алишер Навоий ўзининг шоҳ асарлари билан нафақат ўзбек, балки дунё адабиётини ҳам бойитган. Шундай экан, унинг ижодини ўрганиш ҳам шунга яраша бўлиши керак.
Навоий асарлари дунё адабиётининг энг юксак мезонлари асосида ўрганилиши, тадқиқ этилиши лозим. Бизнинг тадқиқотчиларимиз кўп ҳолларда Навоий ижодининг анъана билан боғлиқ томонларини ёритишга эътибор беради.
Албатта, анъана ҳамма нарсанинг асоси, десак бўлади. Сабаби ҳар қандай даҳо, буюк ижодкорлар ўз даврининг анъаналаридан баҳра олади. Аммо буюк ижодкорлар анъаналар доирасида қолиб кетмайди. Улар керак бўлса, эски анъаналарни бузиб, янгиларига асос солади. Шунинг учун улар буюк ижодкор бўлади.
Ҳар қандай ижодкор ижодининг энг қимматли жиҳати бу ўзига хослиги, новаторлиги ҳисобланади. Мана шу жиҳатларини очиб бериш тадқиқотчининг олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шунга эришмасак, биз албатта даҳолар ижодини бутун бўй басти билан ўқувчиларга етказиб бера олмаймиз. Қолаверса, уларни нафақат ўзимизнинг адабиёт, балки жаҳон адабиётидаги ўрнини ҳам тўғри белгилаб ололмаймиз.
—Навоий асарларидаги ўзига хослик хусусида нима дея оласиз?
– Навоийнинг асарларида новаторлик хусусиятлари жуда кучли эканига ишонч ҳосил қилдим. Навоийнинг ўзи ҳам ўқувчиларни ижодининг шу тарафига кўпроқ эътибор қаратишларини, у киритган янгиликларни ҳис қилишларини истаган. “Фарҳод ва Ширин” достонидаги бир бобда мана шу масалага алоҳида тўхталиб ўтган. Жумладан, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий ўз достонларида асосий эътиборни Хусравга қаратганини Навоий маъқулламайди. Ва бироз танқидий оҳангда ёзади: “...Саросар бўлдилар Хусравга маддоҳ”, дейди. Яъни, улар Хусравга маддоҳлик қилдилар, улар учун бош режада Хусрав турди, мамлакати андоқ, лашкари бундоқ, мулки ундоқ, дея тарифлар берган. Навоий эса менинг қалбимга Фарҳод яқин, мен Фарҳодни мадҳ этаман, дейди. У биринчи планга Фарҳодни олиб чиқади. Бу ҳолатни асаридаги янгилик сифатида қайд этади.
Ёки “Сабъаи сайёр” достонини олайлик. Шу мавзуда Навоийдан олдин ёзган Низомий асарида бош қаҳрамон Баҳромга афсоналарни еттита иқлимдан олиб келинган маликалар, яъни шоҳ қизлари айтиб беришади дейди. Одатда малика ва шоҳлар қиссахонлардан афсона эшитади. Шунинг учун Навоий ўша эпизодни ҳаётий ҳақиқатга мос эмас, деб ҳисоблайди. Ўзининг асарида бошқача йўл тутади. Чунки унинг қиссалари, ҳикояларини Баҳромга дунё кезган, жаҳонгашта мусофирлар айтиб беради. Улар албатта кўп нарсаларни кўрган, бошидан кечирган, уларни ҳикоя қилиб бериши табиий. Бу янгиликни ҳам Навоий асарида алоҳида таъкидлаб ўтган.
—Шу ўринда яна бир нозик масала бор. Бундай камчиликларни айтиш Навоийга ҳам осон бўлмагандир?
— Тўғри таъкидладингиз, осон бўлмаган. Чунки у пайтда “одоби тасниф” деган қоида бўлган. Адиблар асар ёзганда мана шу таснифга риоя қилишган. Яъни, ёзиш қоида ва одобига. Ана шу таснифни асосий қоидаларидан биттаси муаллиф ўзини жуда ҳам камтар, хокисор тутиши шарт эди. Шунинг учун, олдинги адабиётимизга назар ташласак, муаллифлар ўзларини хокисор тутганини кўрамиз. Асар дебочасида ўзлари ҳақида озгина маълумот беришади. Уларда ўзини мақташ ёки адабиётга олиб кирган янгилигини писанда қилиш одати бўлмаган. Навоий ҳамиша одоби таснифга риоя қилган.
Ўзининг “Хамса”сида Низомий, Деҳлавий, Жомийга алоҳида боб бағишлаган, уларнинг ижодини юксак баҳолаган. Кейинроқ бошқа бир бобда ўзининг новаторлик жиҳатларини кўрсатиб, уларни танқид ҳам қилиб ўтган. Навоий ўқувчиларнинг диққатини ўзи олиб кирган новаторликка қаратишларини жуда истаган.
Навоийни бугун новаторлик йўналишида кўпроқ тадқиқ қилиш керак. Шундагина биз уни даҳо адиб бўлганини, ўзбек ва жаҳон адабиётига қанчалик янгилик олиб кирганини кўрсатиб бера оламиз.
Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 09.02.2024
- Кўришлар: 2092
- Чоп этиш