Суд унинг шу ҳақдаги илтимосини рад қилди. Брейвик 21 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Норвегия суди 2011 йилда 77 кишини ўлдирганликда айбланиб, 21 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган неонацист Андрес Брейвикнинг қамоқхонадаги «ғайриинсоний» шароитлардан шикоят қилган даъвосини рад этди.
45 ёшли Брейвик ҳукм чиқарилганидан бери қаттиқ тартибли қамоқхоналарда бошқа маҳбуслардан алоҳида сақланмоқда. Даъво аризасида бундай шартлар унинг ҳуқуқларини бузаётгани таъкидланган эди.
Суд маҳкамасида у депрессиядан азият чекаётганини ва антидепрессант дориларга қарам бўлиб қолганини айтди. У расмийларни «ўз жонига қасд қилишга ундашда» айблади.
Суд Брейвикнинг бошқалар учун хавфли эканини инобатга олиб, унинг қаттиқ тартибли, аммо қулай шарт-шароитларда яшаётганини адолатли деб топди.
«Брейвик қамоқхонада яхши шароитга эга ва кундалик ҳаётда нисбатан эркинроқдир», деди судя Биргитте Колруд.
Қайд қилинишича, Брейвикнинг қамоқхонада учта алоҳида хонаси бор: ётоқхона, кабинет ва кичик спорт зали. Шунингдек, у умумий жойлардан - ошхона, меҳмонхона ва учрашув хонасидан фойдаланиши мумкин. Унинг камерасида телевизор, Xbox ўйин консоли ва учта тўтиқуш бор.
2011 йил 22 июлида Брейвик Ослодаги ҳукумат идоралари олдида бомбани портлатиб, саккиз кишини ўлдирган. Сўнгра Утоя оролидаги ёзги лагерда яна 69 кишини, асосан ўсмирларни отиб ташлаган.
2012 йилда у Норвегиядаги энг олий жазо - 21 йиллик қамоққа ҳукм қилинди. Агар Брейвик хавфли деб топилса, бу муддат узайтирилиши мумкин.
Kun.uz
- Қўшилди: 16.02.2024
- Кўришлар: 2044
- Чоп этиш