Давлатимиз раҳбари жорий йил 15 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида“ги қонунни имзолади.
Қонун Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солади.
Омбудсман – мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Омбудсман фаолияти қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик каби асосий принциплардан иборат.
Сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.
Қонунга кўра, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади ва айни бир шахс Омбудсман лавозимига сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 352
- Чоп этиш