Сўнгги йилларда Ўзбекистон экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган жадал ислоҳотлар йўлига тушиб олди. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда экологик муаммоларни юмшатиш, атроф-муҳитни асраш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни жараёнда 2030 йилгача мўлжалланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Ўтган йил 19 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси Марказий Осиёни қийнаётган долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Ўзбекистон бошчилигида қатор давлатлар коалицияси ҳаммуаллиф бўлган ушбу таклиф минтақамизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашда жамоавий ҳаракатларга содиқлигини тасдиқлайди.
“Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” номли резолюцияда иқлим ўзгариши давримизнинг барқарор ривожланишига жиддий тўсиқ бўлаётган энг мураккаб муаммоларидан бири сифатида ифодаланган. Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари ушбу муаммони ҳал қилишга бевосита салмоқли ҳисса қўшиш баробарида минтақадаги экологик муаммоларга халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суряпти.
Масалан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди фаолиятига алоҳида эътибор берилиб, денгиз қуриши оқибатини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга бутун дунё аҳамият қаратяпти.
Резолюция Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши туриш, жумладан барқарор қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндини қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, “ақлли шаҳарлар”ни яратишга доир тавсияларни қамраб олган. Бош Aссамблея БМТ тизими, халқаро ва молия институтлари, хусусий сектор, инвестор ва донорларга Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал қилиш учун етарли ресурс сафарбар этиш, мавжуд салоҳиятни ошириш ва ёрдам кўрсатишда давом этишни тавсия қилди.
Марказий Осиё, жумладан Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал этишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кўриш билан бирга ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланган ҳужжатда минтақадаги чўлланиш, қурғоқчилик, қум-чанг бўронига қарши курашишга чақирувда янги технология ва илғор тажриба марказий ўрин тутади. Инновацион ёндашувнинг экологик таҳдидни юмшатишдаги ҳал қилувчи ролини белгилайди.
Шунингдек, Марказий Осиё ва бошқа давлатлар тоғ экотизимини ҳимоя қилиш, музликни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатни кучайтиради.
Тоғ экотизимини муҳофаза қилиш ва музликни асраб-авайлаш зарурлиги таъкидланган резолюция бутун дунё мамлакатларини бу борадаги ишларни фаоллаштиришга чақиради.
Қайд этиш керак, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллаган Ўзбекистон инсон ресурслари бўйича минтақанинг энг йирик ва қудратли давлатларидан бири сифатида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бутун дунёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича БМТ доирасидаги чора-тадбирларни амалга оширишга содиқлик билан ёндашмоқда.
Ўзбекистон трансчегаравий дарёларда сув ва энергия ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланиш тарафдори. Марказий Осиё ва минтақанинг экологик барқарорлигига аҳамият беради. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёга ҳар томонлама ёндашуви минтақада тинчлик, иқтисодий тараққиёт ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка кўмаклашишга қаратилган.
Аҳамиятли жиҳати, Шавкат Мирзиёев мамлакатни янада тоза ва барқарор муқобил энергия манбалари сари етакловчи кенг кўламли, улкан ислоҳотни бошлаб берди. Ушбу босқичнинг муҳим жиҳати 2030 йилгача мамлакат электр энергиясининг 30 фоизини қайта тикланадиган манбалардан олиш ғоясидир. Бу ҳаёт даражасини оширишга қаратилган глобал иқлим ташаббуслари билан уйғунлашган интилишдир.
Давлат раҳбарининг яшил ислоҳот ва қайта тикланадиган энергияни рағбатлантиришга эътибори барқарор келажакни шакллантиришга замин яратади. Бундан ташқари Президент томонидан 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилиниб, аҳоли турмуш шароити ва сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Қорақалпоғистонни 2020-2023 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тасдиқланиши ҳам айни жараённинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.
2018 йил Оролбўйи халқаро инновацион маркази ташкил этилди. Бу Ўзбекистоннинг инновация ва ривожланишга интилишининг амалдаги исботидир. Давлат раҳбарининг энергетика эволюциясига оид қараши нафақат иқтисодиётни жонлантирувчи, балки мамлакатни яшил эртанги кун сари йўналтирувчи стратегия билан ҳамоҳанг.
Президент Мирзиёев БМТда сўнгги ўттиз йил минтақада ҳаво ҳарорати бир ярим даража кўтарилгани ўртача глобал исишдан икки баробар кўплигини алоҳида таъкидлади. Натижада музлик умумий майдонининг учдан бир қисми йўқ бўлиб кетди. Бу тенденция давом этса, минтақадаги икки йирик дарё – Aмударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз камайиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Aҳоли жон бошига сув таъминоти 25 фоиз, экинлар ҳосилдорлиги 40 фоиз камайиши кутилмоқда. Ўзбекистон етакчиси халқаро ҳамжамиятни ушбу масалага эътибор қаратиб, тегишли чоралар кўришга чақирди.
Хулоса қилиб айтганда, глобал ҳамда минтақавий экологик хавф-хатарга қарши курашда ҳамкорликни янада кенгайтириш жуда долзарб. Зеро, манфаатдор томонлар минтақада иқлим ўзгариши таъсирига чидамни ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш ва жараённи қўллаб-қувватлаш орқали Марказий Осиёдаги долзарб экологик муаммоларни ҳал қилиши, минтақанинг барқарор ва фаровон келажагини таъминлаши мумкин.
Холид Таймур Aкрам,
Покистон тадқиқот маркази
ижрочи директори
ЎзА
- Қўшилди: 20.02.2024
- Кўришлар: 2206
- Чоп этиш