Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Дастлаб, 2023 йилда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш юзасидан қилинган ишлар сарҳисоб қилинди.
Таъкидланганидек, соҳада 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (шундан 3 таси Қонун, 4 таси Президент фармони ва қарори, 6 таси Ҳукумат қарори) қабул қилинган.
Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилган. Ушбу тоифадаги жиноятлар учун қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби чоралар қўлланмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Сайлов кодексига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоиздан 40 фоизга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.
Бундан ташқари, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 262,2 минг нафар хотин-қизга 4,5 трлн сўм миқдорида кредит, ишсиз ва ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 27 мингдан зиёд хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш учун 118,5 млрд сўм субсидиялар ажратилган.
Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича 60 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда 319 нафар хотин-қиз ўқитилган.
Шу билан бирга, мажлисда ижро муддати ортда қолган айрим масаллар танқидий муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Хусусан, халқаро стандартлар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масаласини ўрганиш, меҳнат соҳасидаги гендер статистикаси маълумотларини халқаро тавсияларга мувофиқ такомиллаштириш, иқтидорли ёш хотин-қизларни юқори нуфузли идораларда стажировка ўташ қамровини кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Мажлис давомида 2024 йилда Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилди.
Дастурда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар қамраб олинганлиги қайд этилди.
Сенаторлар ушбу Дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашишга хизмат қилишини таъкидлаб, унда белгиланган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 12.02.2024
- Кўришлар: 2317
- Чоп этиш