ЮНЕСКО Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам кўрсатишни кенгайтиришга тайёр.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили Камол Мухторов ташкилот бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ўринбосари Тауфик Желасси билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Ўзаро ҳамкорликни ошириш учун «янги ўсиш нуқталари» бўлиши мумкин бўлган бир қатор аниқ йўналишлар муҳокама қилинди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, уларни ушбу соҳадаги асосий халқаро стандартлар ва ҳужжатларга мувофиқлаштириш, Ўзбекистонда режалаштирилган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш жараёнини ёритиш бўйича журналистлар ҳамда тегишли давлат ва нодавлат идоралари салоҳиятини кучайтириш, Адлия органларининг жамоатчилик билан алоқаларни сақлаш ва ривожлантириш учун масъул ходимлари (журналистлар)нинг малакасини ошириш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Ахборот кодекси лойиҳасини муҳокама қилиш учун ЮНЕСКО билан эксперт маслаҳатлашувларини ўтказиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. «Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси» резолюциясини тарғиб қилишга бағишланган қатор тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Kun.uz
- Қўшилди: 20.02.2024
- Кўришлар: 2030
- Чоп этиш