Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош қароргоҳида Соҳил минтақаси ва Чад кўлига кўчирилган шахслар ва қочоқларга ёрдам кўрсатишга бағишланган донорлар анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир Саудия Арабистони ҳукумати, БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) ҳамда Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси (UNHCR) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманда турли мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва нодавлат тузилмалар вакиллари қатори Ўзбекистон томонидан мамлакатимизнинг Саудиядаги элчихонаси ходимлари қатнашди.
Иштирокчилар минтақада ўн йилдан буён давом этаётган мураккаб гуманитар инқироз билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Мазкур инқироз 33 миллионга яқин, жумладан 11 миллион нафар кўчирилган шахс ва қочоқ ҳаётига таъсир кўрсатди. Экология муаммолари инқироз кўламини янада чуқурлаштирмоқда. Бу эса шошилинч ва узоқ муддатли ечим талаб қилади.
Учрашувда жабрланганлар турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани тиклаш ҳамда аҳоли соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган лойиҳалар учун молиявий ресурс жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар минтақа аҳолисининг хавфсиз ва барқарор келажаги йўлида саъй-ҳаракатни бирлаштириб, илгари сурилаётган ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
ЎзА
- Қўшилди: 01.11.2024
- Кўришлар: 629
- Чоп этиш