Депутат фикри
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан иккита қонун лойиҳаси рад этилди. Тўғрироғи, масъул қўмиталарнинг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилиш тўғрисидаги таклифи етарли овоз ололмади. Бизни кузатиб бораётган, қонун ижодкорлиги жараёнларига бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакилларида, ижтимоий тармоқлар фаолларида, “ўзи аслида гап нимада эди”, “нимага энди бирданига иккита қонун рад этилди”, “қандай асослар бор эди” мазмунидаги саволлар туғилиши табиий, албатта.
Биринчи қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг йўл ҳаракати соҳасини тартибга солувчи бир қанча моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг амалдаги 171-моддаси биринчи қисмида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, транспорт воситасининг мулкдори маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Таклиф этилган қонун лойиҳасида ушбу жазога мазкур ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасининг мулкдори ёки транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланган шахс тортилиши таклиф этилган.
Ташаббускорлар томонидан таклиф этилаётган ғоя аслида тўғри бўлиб, қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган транспорт воситасини бошқарган шахснинг ўзини жавобгарликка тортиш механизмини яратишдан иборатдир. Лекин қонун ижодкорлари бу ғоя ва мақсадни қонун лойиҳасида тўғри ифода эта олмаган.
Бир жиҳатдан қараганда, лойиҳада белгиланган нормалар жуда тўғрига ўхшайди. Лекин норманинг шундай таҳрирда қабул қилиниши амалиётда қонунни қўлловчилар, шунингдек, маъмурий жавобгарликка тортилувчилар учун муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Биринчидан, транспорт воситасидан “фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланиш” тушунчасининг маъноси бирорта қонунда очиб берилмаган. Албатта, бунда ишончнома ёки ижара шартномаси асосида фойдаланиш назарда тутилган бўлиши мумкин. Лекин фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг чегараси йўқ. Масалан, фуқаро ўз мулкидаги транспорт воситасини шартнома асосида бошқа шахсга сақлаб туриш учун ёки бошқа шахсга ижарага ҳам бериши мумкин. Яъни, у транспорт воситасини умуман бошқармаслиги ҳам мумкин.
Таклиф этилаётган нормага кўра, бу ҳолатда транспорт воситасининг мулкдори ҳам, транспорт воситасини бошқармаган юқоридаги шахс ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлиб қолаяпти. Шунга кўра, олдин “транспортдан фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланувчи шахс” деган тушунчани аниқлаштириш лозим бўлади.
Иккинчидан, қонунда бирор бир жавобгарлик ўрнатиш ўта аниқликни талаб этади. Бироқ, юқоридаги қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгартириш ва қўшимча билан қонун ижодкори ўзига шарт-шароит ёки имконият яратмоқда. Унга кўра, 171-модданинг биринчи қисмидаги ҳуқуқбузарлик махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш содир этилса, хоҳласа транспорт воситасининг мулкдорини, хоҳласа ундан фойдаланган шахсни жавобгарликка тортиш имконияти яратилмоқда. Чунки, мазкур нормада “ёки” деган сўз ишлатилмоқда. Бу эса коррупцияга олиб келиши мумкин.
Учинчидан, бугунги кунда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этганлик учун “жарима балларини ҳисоблаш тизими”ни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Таклиф этилаётган норма қабул қилинган тақдирда, келгусида “жарима балларини ҳисоблаш тизими” ишга тушганидан кейин транспорт воситасида йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этганлик учун жарима балларини транспорт воситасининг мулкдорига ёки мазкур транспорт воситасидан фойдаланган шахсга нисбатан қўллашга доир норма турлича талқин этилиб, турли тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Масалан, ҳозирда Олий Мажлиснинг юқори палатасида кўриб чиқилаётган бошқа қонунга кўра, транспорт воситаси бошқаруви чоғида бир йил давомида йўл-ҳаракати қоидаларини бузганлик натижасида йиғилган баллар миқдори 122 дан ошса, шахс ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, транспорт воситасини ишончнома асосида бошқараётган шахс қоидани бузса, унга балл қўймаслик учун умуман ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаган ва транспорт воситасининг уни бошқармайдиган мулкдори маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Тўртинчидан, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан охирги уч ойда киритилган ҳамда битта соҳага тегишли бўлган 3 та қонун лойиҳасининг ҳар бирида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига концептуал жихатдан уч хил маънони англатадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган. Бундай ҳолат қонун лойиҳаларининг муҳокамаси ва қабул қилиниш жараёнларини қийинлаштиради. Яъни, ҳали олдин қабул қилинган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирмасдан туриб, яна шу моддага тузатиш киритишга олиб келади.
Таклиф қилинаётган кейинги яна бир муҳим янгиликка эътибор қаратмоқчиман. Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 283-моддасидаги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жойнинг ўзида жарима солинишини ва жарима тўлаганлиги тўғрисида айбдорга белгиланган шаклдаги квитанция берилишини назарда тутувчи нормани бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасини ишлаб чиққан ташаббускор вазирлик аслида фуқароларга қулай бўлиши учун яратилган тизимдан тор идоравий манфаатларни кўзлаб воз кечишни таклиф этмоқда. Масъул қўмита қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишни ва уни иккинчи ўқишга қадар маромига етказишни таклиф қилган бўлса-да, муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси овозга қўйилди ҳамда етарлича овоз тўпламаганлиги туфайли рад этилди. Энди депутатлар томонидан рад этилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги иккинчи қонун лойиҳасининг рад этилиши билан боғлиқ масалага тўхталамиз.
Лойиҳа билан киритилаётган айрим қоидаларнинг ҳаётий зарурияти йўқлиги, қолаверса, юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштирилмаганлиги боис халқ вакилларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Маълумки, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасида “... йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш” учун жавобгарлик назарда тутилган. Бироқ таклиф этилган лойиҳада йўлларга ажратилган минтақада уй ҳайвонларини боқиш ёки уларни қаровсиз қолдириш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Ваҳоланки, уй ҳайвонига моллардан ташқари ит, мушук, товуқ, қуён, ўрдак, ғоз ва ҳоказолар киради. Шу боис депутатларнинг фикрича, лойиҳанинг қабул қилиниши келажакда тушунарсиз ва кулгили вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, йўлларга ажратилган минтақа теграсига чиқиб кетган мушук учун ҳам унинг эгасини топиш ва жавобгар қилиш керак бўлади, яъни аслида айбсиз бўлган шахсларни жавобгарликка тортишга тўғри келади. Бундан ташқари, лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 136-138-модаларига индивидуал ҳаракатланиш воситасини бошқариб бораётган шахсларнинг йўл белгилари талабларига риоя этмаганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бироқ бугунги кунда “индивидуал ҳаракатланиш воситаси” тушунчаси қонунчиликда очиб берилмаган. Шунингдек, ҳукумат қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида ҳам индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш бўйича талаблар ўрнатилмаганлиги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган қоида учун жавобгарлик белгиланишига олиб келади.
Қонун лойиҳасидаги яна бир норма ҳақида тўхталмоқчиман. Фото ва видео воситалар орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида қоидабузарлик тўғрисидаги маълумотларни жарима солиш ваколатига эга шахсга юбориш таклиф этилган. Лекин ушбу нормада яна эскича қоида сақлаб қолиниб, бунда фақат транспорт воситасининг мулкдорини жавобгарликка тортиш назарда тутилган холос. Ушбу қоидани акс эттириш таклиф этилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига қонун ташаббускорлари томонидан қисқа муддат ичида 3 маротаба бир-бирига мувофиқ келмайдиган турли нормаларни киритиш таклиф этилган. Бу ҳолат эса депутатларнинг мазкур модда бўйича узил-кесил тўхтамга келишига тўсқинлик қилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинган қонун лойиҳаси уни концептуал жиҳатдан қабул қилиш учун етарли овоз тўплай олмади.
Фарҳод Ашматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА
- Қўшилди: 16.02.2024
- Кўришлар: 2180
- Чоп этиш