АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп қайта сайланса, миллионлаб ноқонуний мигрантларни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш ниятида. У ҳукуматга тегишли барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини шу ишга жалб қилади, деб ёзди “Axios” портали ишончли манбага таяниб.
– Дональд Трампнинг иммиграцияга қарши кураш режаси миллионлаб инсонларни АҚШдан чиқариб юбориш учун турли воситалардан фойдаланишни кўзда тутади, – дейилади хабарда. – Бу амалиёт ҳар йили олиб борилади.
Трамп яна президент бўлса, ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан депортация қилишга иммиграция агентлари, божхона полицияси, федерал қидирув бюроси, гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси, федерал прокурорлар, Миллий гвардия ва ҳатто, штат ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилади. Қўшимча қилинишича, ҳарбийлар мамлакатдан чиқариб юборилиши кўзда тутилганларни сақлаш учун чегара яқинида объектлар қуради.
Трамп одатий депортация жараёнини ҳозир фойдаланилмаётган қонун ости бўлимлари ёрдамида қисқартириши мумкин. Яъни, жиноий ўтмишга эга айрим мигрантлар ушланиб, судсиз, сўроқсиз, шу заҳотиёқ бадарға қилинади. Фақат ҳозирча мазкур режанинг доллардаги қиймати қанчага тушиши номаълумлигича қолмоқда.
Аввалроқ Дональд Трамп АҚШда ноқонуний мигрантлар сони Жо Байденнинг президентлик муддати давомида 19 миллион кишига етади, деб баёнот берган эди. Уқтирилишича, уларнинг кўпчилиги собиқ маҳбуслар, руҳий хасталар сақланадиган касалхона мижозлари ёки террорчилар. Собиқ етакчи таъкидлашича, ўзи Оқ уйда ўтирган пайт АҚШ чегараси мамлакат тарихидаги “энг хавфсиз давр” бўлган эмиш.
Дарҳақиқат, АҚШда сўнгги йилларда ноқонуний миграция оқими рекорд даражада ошган. Ўтган йил декабрда чегара хизмати ходимлари бир ойда чегарани ноқонуний кесиб ўтган 302 минг кишини рўйхатга олган. Умуман, Байден даврида мигрантлар сони қаторасига уч йил рекорд даражани қайд этган. Кўриниб турибдики, муҳожирлар масаласи Трампнинг сайлов олди курашида яна бир ишончли восита бўлиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 15.02.2024
- Кўришлар: 2167
- Чоп этиш