Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси – UNICEF ижрочи директори ижрочи Кетрин Рассел айтишича, сўнгги 48 соат ичида Исроил армияси Жабалия шаҳрида юзлаб одамлар бошпана топган икки бинони вайрон қилган. Умуман, қамалдаги Ғазо сектори шимолий ҳудудларига сўнгги пайтда уюштирилган ҳужумлар туфайли 50 дан ортиқ бола нобуд бўлган. Шунингдек, Исроил вертолёти UNICEF ходими шахсий автомобилига ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқалди. Бунинг натижасида машина шикастланган. Хайриятки, ҳеч ким жароҳат олмаган. Бундан ташқари Шайх Ридвон ҳудудида эмлаш клиникаси яқинида камида уч нафар гўдак яраланган.
Мулозим фикрича, шу уч ҳужум оддий аҳолига қаратилган ҳаракатнинг аянчли оқибати далилидир. Исроил халқаро гуманитар қонунларни бир неча бор бузган, бу эса минтақадаги инқирозни янада кучайтирмоқда.
Расселл жамғарма ходимларига қилинган ҳужумни зудлик билан текшириш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, аъзо давлатларни болалар ҳимояси ва халқаро ҳуқуққа ҳурмат кўрсатишни таъминлаш учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирди.
ЎзА
- Қўшилди: 05.11.2024
- Кўришлар: 554
- Чоп этиш