17.04.2019

Президент ташаббуси – олимлар ижросида

Президент ташаббуси – олимлар ижросида

Президентимиз мактабларга китоб совға қилиш бўйича “Book challenge” лойиҳаси ҳамда жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг иш билан бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. 

Ушбу ташаббусларни жойларда кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳамда академикларнинг “Йўл харитаси”даги белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис депутати, қўмита раиси, академик Акмал Холматович Саидов ҳамда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Ходжаевич Абдураҳмоновлар Наманган вилоятидаги бир нечта таълим муассасаларига ташриф буюришди. 

Академиклар Наманган Юридик коллежи фондига, Наманган давлат университети ахборот-ресурс марказига, Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернати кутубхонасига, Тўрақўрғон туманида жойлашган 10-сонли мактабгача таълим муассасаси кутубхонасига ҳамда шу туманда жойлашган Болалар мусиқа ва саънат мактабининг кутубхона фондига ўз муаллифлик асарлари ва шахсий кутубхоналаридан 500 донадан ортиқ, турли тиллардаги (рус, инглиз, француз, немис) китобларини совға қилишди. 

Жумладан, Академик А.Саидов совға қилган китоблар коллекциясидан – Иммануэл Кантнинг “Педагогика” ва “Фалсафий ҳуқуқий мероси”, “Хоффман Немис ва Ўзбек юристи нигоҳида”, “Данте Юрист”, таниқли рус адиби Иван Буниннинг шеърлари жамланган “Тийрамоҳ”, “Гёте как юрист” асарлари ўрин олган. Академик Қ.Абдураҳмонов совға қилган китоблар тўпламида муаллиф томонидан 3 марта қайта нашрдан чиққан “Меҳнат иқтисодиёти”, “Human development”, “Буюклар каҳкашонида”, “Оламни маҳлиё айлаган диёр” ва шунга ўхшаган турли хилдаги китоблар совға қилинди.  

Олимларнинг ўқув юртига ташрифи ва маърифатга бой совғалар жамланмасини тақдим этиши ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасида катта китоб байрамига айланиб кетти. Юридик коллежда бўлиб ўтган тадбирда Наманган вилояти Адлия бошқармаси масъул ходимлари, ўқитувчилар ҳамда коллеж талабалари иштирок этишди.

Ибрат мактабида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокимиятидан маъсул ходимлар, Тўрақўрғон тумани ҳокими, депутатлар, вилоят мактабгача таълим ва вилоят халқ таълими бошқармаларидан ходимлар, шунингдек Россия Федерациясидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам қатнашишди.

Академиклар бундан ташқари тумандаги 10-сонли мактабгача таълим муассасасига, Болалар мусиқа ва саънат мактабига, қолаверса вилоятдаги Ахсикент очиқ осмон остидаги музейга ҳам ташриф буюришди.


Orqaga