26.04.2019

Эммануэль Макроннинг ўзбек тилида нашр этилган “Революция” китобининг тақдимоти

Эммануэль Макроннинг ўзбек тилида нашр этилган “Революция” китобининг тақдимоти

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 26 апрель куни Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг ўзбек тилида нашр этилган “Революция” китобининг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Франция элчихонаси, Франция ривожланиш агентлиги вакиллари, шунингдек, республика вазирлик ва идораларидан мутахассислар, мамлакатимиз илмий доираларидан вакиллар, Академия илмий ходимлари ва тингловчилари иштирок этдилар.

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг “Революция” китоби 2016 йилда чоп этилган бўлиб, қисқа вақт ичида миллий бестселлерга айланди. Жаҳондаги 20 дан ортиқ тилларга таржима қилинган ушбу китоб энди ўзбек тилида ҳам мавжуд.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур китоб Эммануэль Макроннинг ҳаётий ва сиёсий қарашлари билан бир қаторда, унинг Франциянинг бугуни ва келажагига оид тасаввурларини ҳам ифода этади. Мазкур китоб Франция раҳбарининг нафақат амалга ошираётган ислоҳотлар дастури, балки шу билан бирга, униг шахс сифатидаги кўлами, ақлий имкониятлари, донолиги ва узоқни кўзлаб иш тутиши ҳақида ҳам ҳикоя қилади.

Шунингдек, тақдимотда Президент Э.Макрон раҳбарлиги остида Францияда амалга оширилаётган комплекс ўзгаришлар Ўзбекистонда катта қизиқиш билан кузатиб борилаётгани ҳам қайд этилди. Ушбу ўзгаришлар, аввало, конституцион ислоҳотларни амалга ошириш. жамият бирлигини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви тизими ва солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш каби мақсадларни кўзлаши билан диққатга сазовордир.

Буларнинг ҳаммаси мамлакатларимиз олдида турган вазифаларумумий эканлигини тасдиқлайди. Шу маънода Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик катта аҳамиятга эгадир.

Тақдим этилаётган мазкур китоб турли бўғиндаги раҳбарлар, эксперт ва мутахассислар, кенг жамоатчилик учун долзарблик, муҳим ва амалий аҳамият касб этади.

Orqaga