06.05.2019

Хотира, қадр ва китоблар

Хотира, қадр ва китоблар

Давлатимиз раҳбарининг китобхонликни кучайтириш орқали фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиш, ҳар бир раҳбарнинг мактаб кутубхонасига китоблар совға қилиши борасидаги эзгу ташаббуси тобора кенг қулоч ёймоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзаев Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 28-мактаб фондига бир туркум китоблар тақдим этди. Ушбу маърифий тадбир 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида ташкил этилди.

IMG_5369.JPG

– Ҳарбий хизматдош дўстим раҳматлик Азимжон Отамуродов 1971-1981 йилларда шу мактабда ўқиган, – дейди  Ғ.Мирзаев. – Азимжон билан илк бор танишганимизда унинг мардлиги, самимияти ва очиқкўнгиллигига лол қолгандим. Армиядаги хизматимиздан кейин дўстим вояга етган Бахмал туманидаги Удамали қишлоғида меҳмон бўлдим.
Ўшанда дўстимнинг сурати ва сийратига сингиб кетган асл инсоний фазилатлар булоғини кашф этганман. Бу қайнар булоқнинг кўзи – қишлоқ аҳли, жумладан, Азимжоннинг оила аъзолари, яқинлари, синфдошлари ва устозлари, шу элнинг бағрикенг инсонларидир. Қолаверса, гўзал ва фусункор табиат ҳам инсон тарбиясида катта ўрин тутишига амин бўлдим.

Дўстлигимиз ришталари боғланганига 37 йилдан ошди. Бу орада, афсуски, Азимжон оғир хасталик туфайли ёруғ оламдан эрта кетди. Шунга қарамай, ўртадаги меҳр-оқибат давом этмоқда. Зеро, инсон қадри – азиз, хотираси муқаддас ва барҳаётдир.

2.JPG

Мактаб кутубхонасига тақдим этилган китоблар ичида Ғулом Мирзонинг “Ҳаракатлар стратегияси – барқарор тараққиёт сари” номли публицистик асари, “Қалб томчилари” шеърий туркуми бор. Муаллиф ўқувчилар билан учрашувда китоб – қалбларни ёритувчи нур, тафаккурни бойитувчи хазина, маънавий комилликка етакловчи ҳамроҳ эканини қайд этди. Шунингдек, истиқболдаги ижодий режалари ҳақида сўзлаб, янги шеърларидан ўқиб берди.

3.JPG

4.JPG

Мазкур мактаб учун академик Акмал Саидовнинг шахсий кутубхонасидан ажратилган бадиий, фалсафий ва ҳуқуқий мавзудаги китоблар ҳам ўқитувчи ва ўқувчилар жамоасига манзур бўлди. Булар орасида А.Саидовнинг “Данте юрист”, “Ҳоффман немис ва ўзбек юристи нигоҳида”, “Ҳуқуқ метафизикаси”, “Иммануил Кантнинг фалсафий-ҳуқуқий  мероси ва замонавий юриспруденция”, “Ҳикмат уммонининг дурлари” каби ўнлаб асарларини санаш мумкин. 

Жаҳон адабиёти намояндаларидан – Георга Фридрих Генделнинг “Амир Темур” драмаси,  Эдгар Аллан Понинг “Буюк Темур”, Иван Буниннинг “Тийрамоҳ”, Альбер Камюнинг “Бегона”, Проспер Мерименинг “Карл  IX салтанатининг йилномаси”, Лао Шэнинг “Мушуклар шаҳри хотиралари” ҳамда “Хитой донишмандлиги ҳикматлари” номли китоблар ҳам ўқувчиларга манзур бўлиши тайин. Ушбу китобларнинг аксарияти Миллий марказ директори А.Саидов масъул муҳаррирлигида, Марказ ходимлари Эркин Эрназаров ва Ғулом Мирзо таржимасида нашр этилган. 

5.JPG

Миллий марказ фондидан турли ташкилот ва муассасаларга беғараз китоблар тарқатиш анъанасига кўра, мактабга бир туркум ҳуқуқий ва халқаро-ҳуқуқий мавзулардаги замонавий нашрлар ҳам етказиб берилди. 

Бундан ташқари, юртимиз нашриётларининг янги маҳсулотлари туҳфа этилди. Айниқса, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев сингари забардаст ўзбек адибларининг мактаб фондига туҳфа этилган сара асарлари диққатга лойиқдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида ташкил этилган “Book challenge” лойиҳаси доирасида 28-сон мактабга жами 66 номдаги 90 та китоб совға қилинди. Мазкур лойиҳа ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари, Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси ва Бахмал тумани халқ таълими бўлими вакиллари ҳамда Удамали қишлоғи фаоллари иштирок этди.

Ўқувчи-ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, Бахмал тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Усмон Эргашев, “Удамали” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли, фахрий педагог Бердимурод Ҳайитқулов ва 28-мактаб директори Шукурулло Шойзоқов мамлакатимизда кейинги йилларда китобхонликка берилаётган эътибор ва рағбатнинг аҳамиятига юксак баҳо бериб, китоб инсоннинг энг яқин дўсти эканини алоҳида таъкидлади.

6.JPG

7.JPG

8.JPG

Orqaga