27.06.2019

Инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги муштарак мақсадлар

Инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги муштарак мақсадлар

Тошкентда 26 июнь куни “Барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторларини жорий қилиш: инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамда Ўзбекистон бўйича 2030 йилгача кун тартибида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат салоҳиятини мустаҳкамлаш“ мавзусидаги семинар-тренинг ўз ишини бошлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Тараққиёт дастури, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими каби тузилмалар томонидан ташкил этилган семинар-тренингда мамлакатимиз тегишли вазирлик ва идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Дания институти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда ва бошқалар сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барпо этиш соҳаларида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Бу борадаги амалий ишлар изчил давом эттирилаётир.

Тадбирдан мақсад – миллий индикаторлар ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги вазифалар ижроси, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари учун давлатлар ҳисоботларини тайёрлаш ва тақдим этиш, бу борадаги амалий кўникмаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Машғулот қатнашчилари инсон ҳуқуқлари барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Мамлакатимизда барқарор ривожланиш соҳасида 16 та мақсадни ва 127 та тегишли вазифани ўз ичига олган 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган миллий мақсад ва вазифалар қабул қилинган. Бу халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Семинар-тренингда иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги инсон ҳуқуқлари бўйича индикаторларни жорий этишнинг устувор йўналишлари ва вазифаларини шакллантириб олди.

Тадбир доирасида Барқарор ривожланиш мақсадлари индикаторларини жорий қилишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўрсаткичлардан фойдаланиш ва ушбу мезонларни белгилашда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

 

Манба: ЎзА


Orqaga