13.08.2019

Хотин-қизлар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

Хотин-қизлар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Ушбу лойиҳа парламент қуйи палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилди.

Қонун лойиҳаси шу йил 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Адлия вазирлиги мутахассисларининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, авваламбор, жамиятда, турмушда, иш жойида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хорижий тажриба таҳлили ҳозирги вақтда зўравонликка, хусусан, маиший зўравонликка, хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш муаммосига катта эътибор берилаётганини кўрсатмоқда. Бу масалани тартибга соладиган махсус қонунлар 120 дан ортиқ мамлакатда қабул қилинган. Айни чоғда, Ўзбекистон, Беларусь, Туркманистон ва Россия бундан мустасно.

Халқаро амалиётни, шунингдек тайёрланаётган қонуннинг таъсир доирасини ҳисобга олиб, лойиҳада қонун нормаси татбиқ этиладиган жой кўлами кенгайтирилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар қамровини тубдан оширишга кўмаклашади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати


Orqaga