10.09.2019

Ўзбек феномени: Шавкат Мирзиёев сиёсатининг ўзига хос жиҳати баркамол авлодни тарбиялашдир

Ўзбек феномени: Шавкат Мирзиёев сиёсатининг ўзига хос жиҳати баркамол авлодни тарбиялашдир

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз босиб ўтган йўлга баҳо берар эканмиз, Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши, халқимиз турмуш даражаси янада кўтарилишига олиб келувчи янги мақсадларни ҳам белгилаб оламиз. Бу борада давлатимиз раҳбари иқтисодиётнинг жадал ўсишини таъминлаш ва муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳар томонлама ривожланган ёш авлодни тарбиялаш, бунинг учун барча шароитни яратиш масаласини биринчи галдаги вазифалар сирасига киритмоқда.

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, Шавкат Мирзиёев айни вақтда илгари сураётган ғоя ва ташаббусларни Президентликка сайланмасдан анча олдин, хусусан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ишлаб юрган вақтларидаёқ кўнглига тугиб юрган. Ўша пайтларда Шавкат Миромонович билан бирга ишлаган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Оқил САЛИМОВдан шу ҳақда гапириб беришини сўрадик.

— Оқил Умурзоқович, яқинда халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган йиғилишда Президентимиз “Мактаб, бу — ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи”, деб айтиш орқали Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётида ёшлар тарбияси нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидладилар...

— Мамлакат раҳбарининг бу сўзлари исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ота-оналар ўз фарзандларига жуда кичиклигидан бошлаб эзгулик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат туйғуларини сингдириши лозим. Болаларда ростгўйлик, илмга интилиш, безорилик қилмаслик каби хислатлар одатга айланиши керак. Агар бу нарса билан оилада шуғулланилмаса, натижаси яхши бўлиши қийин. Негаки, мактабда ўқувчи нафақат билим олади, балки унинг феъл-атвори ҳам шаклланади. Хулқ-атвор эса инсоннинг келажакдаги тақдирини белгилайди. Демак, ижобий фазилатларни шакллантириш, қобилият ва иқтидорни ривожлантириш, қизиқувчанлик ва фаолликни рағбатлантириш болаликдан бошланади.

Шавкат Миромонович институт партия ташкилотида ишлаган пайтлар ҳамиша иқтидорли, фаол йигит-қизларни қўллаб-қувватларди. Ўша вақтларда бунинг учун алоҳида имкониятлар бўлмаган. Лекин барибир муносиб ёшлар тақдирланар эди. Масалан, оддийгина — атайлаб тайёрланган кўкрак нишонларини эслайлик. Фаол талабаларга шундай нишонлар топширилганда, бошқалар ҳам уларга тенглашиш учун ўқишда ва жамоат ишларида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилар эди.

Ватанини жон-дилдан севувчи Шавкат Мирзиёев ўшандаёқ сиёсий тузум ва мафкурадан қатъи назар, Ўзбекистонни ёшлар қуради, деган ғояни ўртага ташлаган. Бошқа соҳаларда ҳам муаммолар талайгина бўлишига қарамасдан, кейинги уч йилдаги ислоҳотлар айнан таълим соҳасидан бошлангани бежиз эмас.

Бу давлатимиз раҳбари ўша даврдаёқ, ўзи ёш бўлса-да, билим билан бир қаторда, воқеалар ривожини олдиндан кўра олиш қобилиятига эга бўлганидан дарак беради. Бундай хислат эса кўпчиликда етишмасди. Шавкат Миромоновичга яна кенг ¬дунёқараш ҳам ёрдам берди. Натижада иқтисодиётда, ижтимоий соҳада ва ниҳоят, одамлар онгида ўзгариш ясаш учун, энг аввало, таълим соҳасини янгилаш умуммиллий мақсадга айланиши керак, деган тезис илгари сурилди. Бугунги кунда таълим-тарбия, маърифат соҳасини қамраб олган чуқур ислоҳотларнинг илдизи ҳам айнан шунда.

Президент Шавкат Мирзиёев истеъдодли, фаол ва ташаббускор йигит-қизларни қўллаб-қувватлашга аввалгидай тайёр. Албатта, ҳозир бунинг учун имконият кўпроқ. Ҳар куни гувоҳи бўлаётганимиздек, ёшларга вазирлик ва идоралардаги юқори лавозимлар ишониб топширилмоқда, алоҳида ўрнак кўрсатганларга давлат мукофотлари ва унвонлар бериляпти, автомашина, уй-жой тақдим этилмоқда. Бу нафақат тақдирланганлар, балки уларнинг тенгқурлари учун ҳам рағбатдир. Тўғри-да, шунга эришмоқчи бўлсанг, сен ҳам ҳаракат қил, ўқишда, санъат ёки спортда ўзингни кўрсат!

Тарих гувоҳлик берадики, буюк ислоҳотчи ўзидан олдинги тартибни бутунлай бекор қилиб, ҳамма нарсадан бутунлай воз кечиб эмас, балки оқилона, барчасини тарозига солган ҳолда ёндашиб, янгиликларга қўл уради. Ахир эски тизимнинг ҳам қайсидир жиҳатлари самарали бўлган, фақат уни замон талабига мослаш керакдир? 

Шундай қилиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мактабгача таълим тизимига янгича ёндашув жорий этилди. 11 йиллик таълим қайта тикланди ва бу ота-оналар, бутун жамоатчилик томонидан қувонч билан кутиб олинди. Булар — пухта ўйланган, ҳеч муболағасиз, мамлакатимиз келажаги, тақдирига ижобий таъсир кўрсатадиган қадамлар.

— Дарҳақиқат, ёшлар учун рағбат етарли. Лекин, аввало, иқтидорни аниқлаш ва уни ривожлантиришга ёрдам бериш зарур. Буни қандай амалга оширса бўлади?

— Жавоб бериш учун яна Шавкат Миромонович билан Тошкент ирригация институтида бирга ишлаган пайтларимга қайтаман. У жонажон ўлкамиз истеъдодли инсонларга бой, лекин ўз истеъдодини намоён этиш учун ҳаммадаям, айниқса, қишлоқ ёшларида имконият йўқ, демак, бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш лозим, дерди. Шуни ҳисобга олиб, биз институтга яқин жойлашган мактабнинг раҳбари билан келишдик-да, қишлоқлардан қобилиятли болаларни таклиф қилдик, уларни тураржой билан таъминлаб, ¬овқатланишини ташкил этдик. Уларга тажрибали устозлар сабоқ бера бошлашди. Кейинчалик лицейлар айнан ана шу негизда очилди. Унда таълим олган йигит-қизлар институтга кириб, олий маълумотли бўлишди. Ҳозирги кунда кўпчилигиаграр соҳада самарали меҳнат қиляпти.

Ўшанда алоҳида бир олий таълим муассасаси йўналишидан келиб чиққан бўлсак, энди Шавкат Миромонович давлат раҳбари сифатида шу ташаббусни янада кенг қанот ёздирмоқда. Таъбир жоиз бўлса, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратиляпти. Мисол тариқасида, иқтидорли болалар мактаблари, буюк алломалар номи билан аталувчи махсус ўқув юртлари, машҳур ёзувчи ва шоирлар номидаги ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби” ва ¬Президент мактаби сингари янги типдаги мактабларни келтириш мумкин. Уларда устоз ва мураббийлар истеъдодли ўқувчиларга ижодий ва маънавий салоҳиятини тўла намоён этишда ёрдам берадилар.

Албатта, педагогларнинг ўзи ҳам эътибордан четда қолмади. Ахир улар ҳам барча қатори рағбатни хоҳлашади. Агар институтда ишлаб юрганида Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларни имконият даражасида қўллаб-қувватлашга, яъни товарларнинг имтиёзли нархларда сотилиши ёки вақти-вақти билан бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ажратиш каби тадбирларни амалга оширишга эришган бўлса, бугунги кунда биринчи раҳбар ташаббуси билан устозларга ғамхўрлик олий даражага кўтарилмоқда. Уларнинг ойлик маоши бир неча баравар кўпайтирилди, жамиятдаги обрўси оширилди.

Эсимда, вилоятлардан бирига борганимизда, ўқитувчилар билан учрашувда: “Туманингиз ҳаётида қандай ўзгаришлар бўляпти?”, деган савол ташланган эди. Маҳаллий мактабнинг математика ўқитувчиси тезда жавоб топа олмай, шошиб қолди. Туман миқ¬ёсидаги амалдорлардан бири эса, ¬оддийгина саволга жавоб бера олмайдиган қанақа ўқитувчи бу, дея танбеҳ берди. Камтарингина муаллима ундай баландпарвоз сўзларга ўрганмаганини, касбий фаолиятидан ташқари оилавий муаммолари ҳам борлигини ўша амалдор қаердан ҳам билсин? Ҳа, маҳаллий ҳокимият вакиллари баъзан оддий педагогларнинг кундалик турмушидагимуаммоларидан бехабар қолгани ҳам бор гап. Шундай экан, одамларда ва айниқса, раҳбарларда умуминсоний қадриятларни тарбиялаш, улар онгига таълим сифати “ҳаёт-мамот масаласи” эканини сингдириш бугун жудаям долзарб вазифа. Яна шуниси муҳимки, ушбу хайрли ишда ҳокимлар ва ҳукумат ҳам, бутун жамият ва унинг ҳар бир аъзоси иштирок этиши зарур.

— Қадрдон заминимиз истеъдодларга бой. Лекин ёшларнинг ҳаммаси ҳам турли сабабларга кўра муайян қобилиятга эга бўлмаслиги мумкин. Бундай фарзандлар билан қандай ишлашимиз керак?

— Иқтидорли болаларни излаб топиш ва рағбатлантириш масаласида, табиийки, барча ўғил-қизлар ҳақида ўйлашимиз, уларга ўз имкониятларини намойиш этиш учун шароит яратиб беришимиз керак. Тўғри, ҳамма ҳам илм-фан, спорт ёки санъатда катта ютуққа эришавермайди. Аммо ҳар бир ёш ҳақиқий инсон ўз Ватанининг фидойиси бўлиб улғайиши шарт.

Бир мисол келтираман. Барча олий таълим даргоҳларида бўлгани каби, ТИҚХМИда ҳам институтга кира олмаган ёки айрим сабабларга кўра ўқишини давом эттира олмай қолганлар бор эди. Хўш, улар билан қандай иш олиб бориш керак? Кимдир: бу билан институт раҳбариятининг нима иши бор, абитуриент кира олмадими, уйига қайтади-да, дейиши мумкин. Бу фақат айтишга осон. Лекин, тасаввур қилинг, ота-она ўғлини яхши мутахассис бўлиб қайтади, деган ниятда пойтахтга юборган. Ўғил ҳам “бўш қўл билан”қайтишга уялади. Оила аъзолари ёки атрофдагиларнинг нотўғри муносабати эса уни “синдириб” қўйиши мумкин. Чиндан ҳам, бундай шароитда олий ўқув юртининг раҳбарияти бирор нарсага мажбур эмас. Аммо... шундай йигитларга ёрдам берса бўладими?

Тошкент ирригация институтида Шавкат Миромоновичнинг фаол иштироки билан махсус курслар ташкил этилди ва талабалик бахтига эриша олмаган абитуриентларга, дейлик, деҳқончилик асосларини, соҳага тегишли энг зарур билимлар ҳажмини эгаллаш таклиф қилинди. Ана ўша курсларни тугатган йигит-қизларнинг кўпчилиги ўз уйларига олий ¬маълумот тўғрисидаги диплом билан бўлмаса-да, яхшигина мутахассис бўлиб ¬қайтишди. Улар бугун — фермерлар. Нафақат оиласи, балки ҳамқишлоқларининг фаровонлигини таъминлашмоқда, ўз хўжаликларида янги иш ўринлари яратишмоқда.

Демак, Президентимиз айтганидек, бугун ёш авлоднинг ҳар бир вакили ҳақида қайғуришимиз керак. Ёшларга оид давлат сиёсати ҳам айнан шунга йўналтирилган. Бу сиёсатни амалга оширишда ҳокимиятнинг барча бўғини, вазирлик ва идоралар, ¬фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, яъни ҳамма иштирок этмоқда.

— Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида олиб бори¬лаётган мақсадли ишлар Ўзбекистонни янги иқтисодий-ижтимоий тараққиёт босқичига олиб чиқишга қодир бўлган авлодни шакллантиришга қаратилган. Бундай натижага қанчалик тез эришиш мумкин, деб ўйлайсиз?

— Бу ишга бир, икки ё уч... (хуллас, нечадир) йил керак бўлади, деб ҳисоблаш нотўғри. Таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, бар-камол авлодни етиштириш учун шароит яратиш билан боғлиқ муаммолар ҳали талайгина. Уларни ҳал қилиш учун эса кўп маблағ ва саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Лекин ҳозирнинг ўзидаёқ сезиларли натижаларни кўришимиз мумкин. Таълим сифатини яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Мисол учун, ёшларимиз жаҳондаги етакчи олий таълим муассасаларида ёки уларнинг Ўзбекистонда очилган филиалларида ўқишяпти. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ишлаётган раҳбар ходимлар орасида ёшлар кўпаймоқда. Йигит-қизлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида самарали меҳнат қилишмоқда, тадбиркорлик билан фаол шуғуллани-шаётир. Турли халқаро танлов, олимпиада ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлиб, совринли ўринларни эгаллашмоқда.

Қисқача айтганда, жараён давом этяпти. У сўзда эмас, амалда бошланган. Энг муҳими, мазкур жараёнга давлат даражасида, жумладан, шахсан Президент томонидан катта эътибор берилмоқда.

Манба: «Халқ сўзи»

Orqaga