Cуд экспертизасида янгилик 05.02.2014

Cуд экспертизасида янгилик

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган, ДНК маълумотлари (геном ахбороти) миллий базасининг ҳуқуқий асосини яратишга қаратилган «Геном маълумотларини давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган, ДНК маълумотлари (геном ахбороти) миллий базасининг ҳуқуқий асосини яратишга қаратилган «Геном маълумотларини давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш доирасида белгиланган йўналишнинг амалга оширилиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан жиноятчилик билан курашишнинг замонавий илмий ишланмалари ва техник воситаларини амалий фаолиятга жорий қилишга янгича ёндашишларни талаб қилади. Замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлигининг ошиши оғир ва ўта оғир жиноятларни очиш ҳамда тергов қилишда катта аҳамиятга эга. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ДНК-таҳлили имкониятларидан фойдаланиш ушбу турдаги жиноятларнинг ҳар қандай кўринишларига қатъий чек қўйишнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади, бу Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг зарур шарти ҳисобланади. ДНК-таҳлилдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришнинг муҳим воситаси – бу айрим тоифадаги шахсларнинг, хусусан жиноятларни содир этишга мойиллиги бўлган шахслар ДНК профилларининг маълумотлар базаларини яратишдир.

Сўзга чиққанлар, бугунги кунда Ўзбекистонда фан ва техниканинг изчил тараққиётига мос равишда суд экспертизасининг барқарор ривожланиши, эксперт тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос келадиган замонавий илмий даражада ўтказилиши учун етарли шароитлар яратилаётганлигини таъкидладилар. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида суд экспертизаси ўтказишнинг ҳуқуқий базаси ташкил топди ва изчил ривожлантирилмоқда. Булар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодекслари, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонун ва турли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардир. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилнинг 14 ноябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори Марказ фаолиятини янада такомиллаштиришда ва алоҳида тоифадаги шахсларнинг ДНК маълумотлари (геном ахборот) миллий базасини яратишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўди.

Геном маълумотларини рўйхатга олиш фуқаронинг шахсий сирини ташкил қилувчи генетик ахборот олишни кўзда тутади. Ундан фойдаланиш шахснинг қонун томонидан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатади. Шу сабабли демократик жамият шароитларида геном маълумотларини рўйхатга олиш масаласи, айниқса унинг мажбурий тартибда амалга ошириладиган ҳолатлари қонун билан ҳуқуқий тартибга солиниши мақсадга мувофиқдир.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган «Геном маълумотларини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси суд экспертизаси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини эътироф этдилар. Ушбу қонун лойиҳаси, алоҳида тоифадаги шахслар бўйича ДНК маълумотлари (геном ахбороти) миллий базасини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бериши, бу билан пировардида, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, холисона тергов ва одил судловни амалга оширишга қаратилган суд-экспертиза соҳасини такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари муҳокама давомида кўтарилган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар ва қонун лойиҳасининг айрим моддаларини такомиллаштириш бўйича, жумладан, лойиҳада геном маълумотларини давлат рўйхатига олишнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш, ҳавола нормаларни қисқартириш ва аниқлаштириш, шунингдек асосий тушунчаларга лойиҳада ишлатилган айрим атамаларни киритиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирдилар.

Давра суҳбати якуни бўйича иштирокчилар томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Давра суҳбати ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, олимлар, мутахассислар, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Фанлар академияси, илмий тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари, турли жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.


Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/committee/10167


Orqaga