18.06.2019

Ўзбекистон – АҚШ: Халқаро рейтинг кўрсаткичларини ошириш ва инвестиция истиқболлари

Ўзбекистон – АҚШ: Халқаро рейтинг кўрсаткичларини ошириш ва инвестиция истиқболлари

Ташқи ишлар вазирлиги ахборотига кўра, 10-12 июнь кунлари Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари иштирокида “Сиёсий таваккалчилик рейтинги ва хорижий инвестицияларга йўл: Ўзбекистон мисолида” мавзусида уч кунлик халқаро семинар бўлиб ўтган. 

Қайд этилишича, мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Ж.Хопкинс университети қошидаги Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойида қабул қилинган Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги позициясини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони ва қарори ижросига бағишланган.

Семинар ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этган бўлиб, делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши вакиллари, иқтисодиёт ва саноат, инвестиция ва ташқи савдо, молия, адлия вазирлари ўринбосарлари, ТИВ, Бош прокуратура, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚИ) ҳамда Навоий вилояти ҳокимияти масъул ходимлари ҳам ўрин олган. 

Тадбирда Америка томонидан етук мутахассислар, жумладан Ж.Хопкинс университети қошидаги Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази директори Лестер Саламон, Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси офиси (OPIC) директори Эмили Кларк, Жаҳон банки давлат бошқаруви рейтинги (WGI) тузувчиси Аарт Краай, Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича катта иқтисодчиси ва коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлар бўйича мутахассиси Лоуренс Дуайт ва Кэтлин Као, “Standard&Poors” рейтинг агентлиги кредит дастури директори Жойдип Мукержи, “World Justice Project” раҳбари Алехандро Понсэ, “Freedom House” дастури директори Кристофер Брандт, “Trace International” асосчиси ва президенти Александра Раге, Нотижорат ҳуқуқи халқаро марказининг Евроосиё бўйича вице-президенти Наталья Боржелли, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон ва бошқалар қатнашган. 

Семинар дастурига кўра, 3 кун давомида Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этишга сиёсий дангалликнинг таъсири масалалари, бизнес юритишга доир омилларни ўрганиш, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликни таъминлаш, коррупция ва порахўрликка қарши курашишга қаратилган ҳукумат ишининг самарадорлиги бўйича 10 та шўъба муҳокамаси ўтказилиши кўзда тутилганди.

ТИВга кўра, Ўзбекистон – Америка муносабатлари тарихида илк бор бундай шаклда ташкил этилган тадбир сиёсий дангаллик ва Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш истиқболлари ўртасидаги боғлиқликни ўзаро ишонч муҳитида муҳокама қилиш, сиёсий дангаллик рейтингини тузиш спецификаси ва методологиясини чуқурроқ англаш, рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни ва мавқеини кўтариш бўйича профил индекслар муаллифлари ва тузувчилари таклиф ва тавсияларини олиш имконини берган.

Ўзбекистон делегацияси семинар иштирокчиларига Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги позициясини кўтаришга қаратилган, асосий мақсад – хорижий инвесторлар учун Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қиладиган Президентнинг тегишли фармон ва қарори моҳиятини етказилган. Бу борада эришилган натижалар, узоқ муддатли истиқболдаги режалар моҳияти батафсил очиб берилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги позицияси ҳаққоний ва тўғри баҳоланишини таъминлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилган.

Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолашнинг халқаро мезонлар ва стандартларга асосланган, тегишли йўналишларда миллий рейтингларни юритиш имконини берувчи бир бутун тизими йўқлиги ҳам таъкидланган.

Семинар якунида томонлар бир неча бандлардан иборат Амалий ҳаракатлар режасини амалга оширишга келишиб олган. Булар:

-ҳукумат тизими иши самарадорлигини ошириш соҳасида махсус қонун ҳужжатлари, жумладан, “Давлат хизматлари тўғрисида”ги ва “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонунлар, мамлакатимиз Президентининг бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш, Жаҳон банкининг “Worldwide Governance Indicator” Давлат бошқаруви индикатори тузувчилари билан узвий ҳамкорлик ўрнатишни кўзда тутувчи қатор ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш; 

-Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичларини такомиллаштириш, жумладан, амалдаги инвестицияларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 45 та битимни инвентаризация қилиш ва “Инвестициялар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига асосий қоидалар – молиявий-иқтисодий статистиканинг транспарентлигини таъминлаш талабларини жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ССП қошида учлик суди мустақиллигини мустаҳкамлаш, республика вазирлик ва идоралари фаолиятига “Комплайанс” тизимини жорий этиш, “Мерос” жамғармаси Иқтисодий эркинлик индекси тузувчилари билан диалогни кучайтириш, коррупцияга қарши курашда илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш ва бошқа бандларни киритиш чораларини кўриш; 

-давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларини кенгайтириш масаласини илгари суриш, жумладан, тадбиркорликнинг ноҳукумат субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш, жамоат кенгашлари ишини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти ривожланишини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон тарихида фуқаролик жамияти ривожланишининг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги биринчи Миллий докладни тайёрлаш; 

- коррупцияга қарши кураш чораларини кўриш, жумладан, “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) ва Истанбул ҳаракатлар режаси тавсиялари қоидаларига асосланган Ўзбекистон бизнесининг аксилкоррупция хартияси ва миллий аксилкоррупция стратегияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалдор шахсларнинг мол-мулки ва даромадлари декларацияси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, давлат харидлари механизмларини такомиллаштириш.

Бундан ташқари, семинар доирасида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан Нотижорат ҳуқуқи халқаро маркази (ICNL) ўртасида англашув Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтган. Мазкур ҳужжат мунтазам маслаҳатлар, биргаликдаги давра суҳбатлари, симпозиум, конференция ва семинарлар уюштириш, ННТни ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлаштириш, ижтимоий тадбиркорлик, жамоат назорати, солиққа тортиш, молиявий-техник ёрдам олишга кўмаклашиш масалаларини ўрганиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади. 

Манба: ЎзА

Orqaga