13.08.2019

Женева конвенциялари бундан 70 йил аввал Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари туфайли дунёга келган

Женева конвенциялари бундан 70 йил аввал Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари туфайли дунёга келган

Урушнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор: фуқароларни ва жанг қилиш лаёқатини йўқотган шахсларни ўлдирмаслик, асирларни масхараламаслик ва азобламаслик, душман томоннинг ярадорларига ёрдам кўрсатиш керак. Шу ва шунга ўхшаш мажбуриятлар Женева конвенцияларида атрофлича баён этилган.

Куни кеча, 12 августда Женева конвенцияларининг 70 йиллиги нишонланди. Бу тарихий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қуролли можаролар вазиятида инсон ҳаёти ва қадр-қиммати ҳимоясини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 Женева конвенциялари 1949 йил 12 августда Женевада бўлиб ўтган БМТнинг Дипломатлар конференциясида имзоланган. Сайёрамиздаги жуда кўплаб тинч аҳолининг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон урушидан кейин келгусида бундай қирғинбаротларга йўл қўймаслик, хусусан, фуқароларни урушлардан ҳимоя қилиш учун муайян умумий қонун-қоидалар ишлаб чиқиш эҳтиёжи туғилди. Женева конвенциялари халқаро гуманитар ҳуқуқдаги худди шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилди.

– Конвенциялар инсоният бошидан кечирган жуда оғир ва мусибатли синов бўлмиш Иккинчи жаҳон уруши фожеалари ортидан дунёга келди. Албатта, шундай катта офатларга гувоҳ бўлган инсониятнинг истиқболда қандайдир ўзаро келишувларга келиш зарурати тубдан кучайганди. Худди шу келишувлар БМТ, Бреттон-Вуд каби халқаро муассасаларни тузиш, шунингдек, Женева конвенцияларини имзолаш имкониятини берди, –  деди БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг мазкур Конвенциялар 70 йиллигига бағишланган мажлисида сўзга чиққан БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Локок.

Марк Лококнинг қайд этишича, вақт ўтиши ва авлодлар алмашинаётгани муносабати билан Женева конвенциялари нима сабабдан қабул қилинганини барчага мунтазам эслатиб туриш лозим. Бинобарин, тўртта Женева конвенцияси ва уларга Қўшимча баённомаларга дунёнинг жами давлатлари қўшилган.

Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар – халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосидир. Бу ҳужжатлар уруш олиб бориш воситалари ва усулларига муайян чекловлар қўяди.

Биринчи Женева конвенцияси қуруқликдаги жанговар ҳаракатлар пайтида ярадор ва хаста аскарларни ҳимоя қилишга қаратилган. Иккинчи Женева конвенцияси – денгиздаги жанговар ҳаракатлар пайтида ярадор бўлган, хасталанган ёки кемаси ҳалокатга учраган ҳарбий хизматчиларни ҳимоя қилади. Учинчи Женева конвенцияси – ҳарбий асирларга тааллуқли. Тўртинчи Женева конвенцияси фуқаролар, жумладан, босиб олинган ҳудудлардаги фуқаро шахслар ҳимояси учун хизмат қилади.

Бу ҳужжатлар қабул қилинганидан кейинги бир неча ўн йиллар давомида дунёда нодавлат субъектлар иштирокидаги қуролли можаролар авж олди. Шу боис 1977 йили иккита Қўшимча баённома қабул қилинди. Биринчи Қўшимча баённома халқаро миқёсдаги, иккинчи Қўшимча баённома эса халқаро кўлам касб этмаган қуролли можаролар жабрдийдалари ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган. Шу асосда ушбу тоифадаги урушларни олиб бориш воситалари ва усулларига муайян чекловлар қўйилди.

2007 йилда учинчи Баённома имзоланди. Бу ҳужжат билан Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг қўшимча рамзи таъсис этилди. Янги рамз Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой рамзлари каби халқаро мақомга эгадир.

Бугунги кунда Женева конвенциялари ва уларга Қўшимча баённомалар ҳозирги замон гуманитар ҳуқуқининг негизи сифатида эътироф этилади. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этмайдиган ёки бевосита иштирок этмай қўйган шахсларни ҳимоя қилишга доир муҳим нормалар ўз мужассамини топган.

Манба: БМТ


Orqaga