Инсон ҳуқуқлари

Инсон ҳуқуқлари нима? 

Инсон ҳуқуқлари, бу ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи,  жинси, этник келиб чиқиши ёки бошқа хусусиятларидан қатъий назар унга тааллуқли бўлган ҳуқуқлар мажмуидир. Барча одамлар ҳар қандай камситилишларсиз, тенг даражада инсон ҳуқуқларига эгадир. Бу ҳуқуқлар бир-бири билан ўзаро боғлиқ ва бир-биридан ажралмасдир. 

Универсаллик ва ажралмаслик

Инсон ҳуқуқларининг универсаллик принципи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг асосидир. 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши билан алоҳида аҳамият касб этган ушбу принцип инсон ҳуқуқларига оид кўпгина халқаро конвенциялар, декларациялар ва резолюцияларда намоён бўла бошлади. Масалан, 1993 йил Вена шаҳрида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш ва  рағбатлантириш, бу – давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимидан қаъий назар  унинг мажбурияти ҳисобланиши таъкидланган.

Ҳар бир давлат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий шартномалардан ҳеч бўлмаганда бирини имзолаган, 80% давлатлар эса шундай шартномалардан тўртасини ва ундан ортиғини ратификация қилган.  Бу ҳолат ушбу соҳада давлатлараро умумий розиликка эга эканлиги ҳақида дарак беради ва ўз навбатида давлатларга инсон ҳуқуқлари соҳасида муайян мажбуриятлар юклади ва шу орқали универсаллик принципини рўёбга чиқарди.

Инсон ҳуқуқлари инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. Белгиланган ҳуқуқий тартиблар ва айрим ҳоллардан ташқари, инсонни бу ҳуқуқлардан маҳрум этиш мумкин эмас. Масалан, озодлик ҳуқуқига фақат суд томонидан жиноят содир этилганликда айбдор деб топилган тақдирдагина чеклов қўйилиши мумкин. 

Инсон ҳуқуқларининг бир-бири билан ўзаро боғлиқлиги ва бир-биридан ажралмаслиги 

Инсоннинг барча ҳуқуқлари бир бутунликни ташкил қилади, улар  бир-биридан ажралмасдир: Бу ҳуқуқлар хоҳ фуқаролик, хоҳ сиёсий  ҳуқуқлар бўлсин, масалан, яшаш ҳуқуқи, қонун олдида тенглик ёки  фикр эркинлиги, ёки иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар  бўлсин, масалан, меҳнат ҳуқуқи, жамоат хавфсизлиги ва таълим  олиш ҳуқуқи, ёки жамоавий ҳуқуқлар бўлсин, ривожланишга  бўлган ҳуқуқ ва ҳоказо – барчаси бир-биридан ажралмасдир ва  бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Бирор ҳуқуққа риоя қилиш бошқа  бир ҳуқуқнинг таъминланишига олиб келади. Шу тариқа, бирор  ҳуқуққа риоя этмаслик, бошқа ҳуқуқларга салбий таъсир ўтказади. 

 Тенглик ва камситмаслик принципи

 Камситмаслик принципи халқаро ҳуқуққнинг инсон ҳуқуқлари  соҳасидаги умумэътироф этилган принципидир. Ушбу принцип  инсон ҳуқуқларига оид барча халқаро шартномаларда мавжуд  бўлиб, Ирқий камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш  тўғрисидаги конвенция ва Аёлларга нисбатан камситишларнинг  барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция каби  халқаро конвенцияларнинг марказий мавзуси ҳисобланади.

Камситмаслик принципи ҳар бир шахсга қўлланади ва ирқи, жинси, тана ранги ёки бошқа хусусиятларини камситмаган ҳолда инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан тадбиқ қилинади. Камситмаслик принципи тенглик принципи билан тўлдирилади. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида ўз ифодасини топган: “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар”. 

Ҳуқуқ ва мажбуриятлар

Инсон ҳуқуқларини эътироф этиш уларни нафақат амалга оширишни, балки муайян мажбуриятларни бажаришни ҳам англатади. Халқаро ҳуқуқга кўра, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва бажариш мажбуриятини оладилар. Давлатнинг “Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мажбурияти” инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга тўсқинлиқ қилувчи аралашувлардан ёки чекловлардан тийиш мажбуриятини англатади. Давлатнинг “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти” инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликни ҳамда шахс ва жамоаларни ҳимоя қилишни талаб қилади. Давлатнинг “Инсон ҳуқуқларини бажариш мажбурияти” инсон  ҳуқуқлари амалда таъминланишига қаратилган ижобий чора-тадбирлар кўриш мажбуриятини англатади. Якка тартибда эса, ҳар бир шахс инсон ҳуқуқларига эга экан  бошқаларнинг ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши шартдир.