Аёллар ҳуқуқлари


Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари

 Ўзбекистон БМТнинг аёллар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган барча ташаббусларини қўллаб-қувватлайди ва маъқуллайди. Ўзбекистонда аёлларнинг, уларнинг миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий аҳволи ҳамда турар жойидан қатъи назар, барча ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратади. Давлат томонидан ҳам шаҳар, ҳам қишлоқ жойларида яшайдиган аёлларнинг турмушини яхшилашга мутаносиб ёндашув таъминланмоқда.

Давлат мустақиллигининг илк кунидан бошлаб мамлакатимиз аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилинишини, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масаласини давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олган.

Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил ва тизимли сиёсатнинг асосий йўналишлари қўйидагилар ҳисобланади:

биринчидан, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатларини бажарилишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий асосни янада такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

иккинчидан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг аҳволини доимий равишда ва комплекс мониторинг қилиш, уларнинг оилада, жамиятда ҳамда жамоат ва давлат ишларини бошқаришда ролини ошириш;

учинчидан, аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича самарали чоралар қабул қилиш ва амалга ошириш, уларни ишга жойлаштириш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, аёллар орасида, айниқса, қишлоқ жойларида тадбиркорликнинг турли шаклларини ривожлантириш;

тўртинчидан, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аёллар нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун кўмаклашиш.

Аёллар ҳолатининг ҳуқуқий механизмини тадрижий ривожланиши 1995 йил БМТнинг Хотин қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги 1979 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган конвенциясига Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аъзо бўлди.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халкаро пакт, Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги конвенция (1949 й.), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (1952 й.), Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар Платформаси (1995 й.), шунингдек, Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенция (1984 й.), Таълим соҳасидаги камситишларга қарши кураш тўғрисидаги конвенция (1960 й.), Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (1990 й.), Халқаро меҳнат ташкилотининг Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги конвенцияси №100 (1951 й.), Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 103-конвенцияси (1956 й.), Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги конвенцияси №111 (1958 й.), , Иш билан таъминлаш сиёсати тўғрисидаги конвенцияси №122 (1964 й), Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш №138 (1973 й.) ва Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенциясини №182 (1999 й.) ратификация қилиш миллий даражада аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини имплементация қилиш бўйича қонунчиликка ва давлат органлари фаолиятининг амалиётига аниқ чораларни ишлаб чиқиш учун зарур халқаро-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон «Мингйиллик декларацияси»ни имзолаган давлат сифатида Декларациянинг мақсадларини давлатни ривожлантириш дастурларига киритиш ва Мингйиллик тараққиёт мақсадларини 2015 йилга қадар амалга ошириш графигига риоя қилиш бўйича ўз зиммасига маъсулият олди.

Ўзбекистон Мингйиллик тараққиёт мақсадларини амалга оширишда биринчи навбатда, қашшоқликни камайтириш, одамларнинг ҳаётини яхшилаш, жамиятнинг барқарор ривожланишида аёлларнинг ролини ошириш, эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлашга қаратилган чораларни изчил амалга оширмоқда.

Мамлакатда таълим, гендер тенглик, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалаларга нисбатан жиддий натижаларга эришилган, бу эса аёллар фаровонлиги тўғрисидаги ғамхўрлик билан бевосита боғлиқ. Бу барча чоралар, биринчи навбатда, Конвенция, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар Платформаси, шунингдек БМТ Бош Ассамблеяси 23 махсус сессиясининг “Аёллар 2000 йилда: эркаклар ва аёллар ўртасида тенглик, XXI асрда ривожланиши ва тинчлик” якуний ҳужжатининг қоидаларини сўзсиз бажаришга қаратилган.

1995 йилда БМТнинг Аёллар аҳволи бўйича IV Умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин ҳаракатлар платформаси алоҳида муҳим ҳисобланади. Унинг муқаддимаси ва 12 бўлими аёллар аҳволини глобал даражада баҳолаш ва бутун дунёда аёллар ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича стратегиялар, сиёсат ва чоралар тадқиқот этилган аёллар ҳуқуқлари бўйича энг тўлиқ дастур ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мамлакатни тубдан янгилаш ва модернизациялашга, давлат, жамият ва шахс ўртасидаги ўзаро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди, улар айнан:

  • "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида" (2007 йил 15 январь);
  • “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” (2007 йил 03 январь);
  • “Ҳомийлик тўғрисида” (2007 йил 02 май);
  • “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни
  • “Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” (2007 йил 11 июль).
  • “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” (2007 йил 11 июль);
  • “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” (2008 йил 7 январь);
  • “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” (2008 йил 11 июль);
  • “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида” (2010 йил 7 июнь);
  • “Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида” (2010 йил 28 сентябрь);
  • “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида” (2010 йил 29 сентабрь);
  • "Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида" (2012 йил 09 апрель);
  • "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида" (2012 йил 26 апрель).
  • "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида" (2012 йил 24 сентябрь).
  • "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида" (2013 йил 22 апрель).

Қабул қилинган қонун ҳужжатлари доирасида Ўзбекистон Ҳукумати, вазирликлари ва идоралари, нодавлат ташкилотлари томонидан аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш ва уларнинг мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий- иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш учун тизимли ва изчил иш олиб борилмоқда.

Ҳар йили қабул қилинадиган ва амалга ошириладиган Давлат дастурларининг аҳамияти катта:

  • 2008 й. – Ёшлар йили;
  • 2009 й. – Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили;
  • 2010 й. – Баркамол авлод йили;
  • 2011 й. – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили;
  • 2012 й. – Мустаҳкам оила йили;
  • 2013 й. – Обод турмуш йили.

Уларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги норматив-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди:

  • «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Президентнинг 2009 йил 13 апрелдаги карори.
  • «2009 - 2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида» ги Президентнинг 2009 йил 1 июлдаги карори.
  • «Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 декабрдаги карори.
  • «Мaмлaкaтдa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш Концепциясининг устувор йўналишларини демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» Президентнинг 2011 йил 14 январдаги фармойиши.
  • «Аҳолини иш билан таъминлаш ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотларга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 январдаги қарори.
  • «Ўзбекистонда БМТнинг минг йиллигини ривожлантириш мақсадларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 январдаги қарори.
  • «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 Вазирлар Махкамасининг йил 28 февралдаги қарори.
  • «Аҳоли сонининг танлама статистик кузатувини тайёрлаш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги қарори.
  • «Адлия органларида махсус "ишонч телефони" ташкил этиш тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 мартдаги қонуни.
  • «Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги қарори.
  • «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни 2012 - 2013 йилларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида» Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 мартдаги қарори.
  • «Оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 апрелдаги қарори ва бошқалар.

Умуман олганда, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ташкилий – ҳуқуқий механизмларни ва уларни амалиётда амалга ошириш тартиботларини янада кучайтириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга боғлиқ.

Ўзбекистон Конвенция доирасида ўз зиммасига олган барча мажбуриятларини изчил бажаришда давом этади ва келажакда ҳам БМТнинг аёллар манфаатларига оид барча ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Мамлакатимиз аёллар аҳволини яхшилаш бўйича БМТнинг Аёлларга нисбатан камситишга барҳам бериш бўйича қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлари билан очиқ ва конструктив ҳамкорлик қилишга тайёрдир.