Маҳкумлар ҳуқуқлари

Маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолати

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодексининг 8-моддасига мувофиқ,  маҳкумлар, ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган истисно ҳамда чеклашлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўладилар ва мажбуриятларни бажарадилар. Маҳкум ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўлишлари ва мажбуриятларни бажаришлари мумкин.

Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари муайян жазо турини ижро этиш тартиби ва шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


Маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодексининг 9-моддасида маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра  маҳкумлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот олиш;

-жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда таклиф, ариза ва шикоятлар билан мурожаат этиш;

-ўз таклиф, ариза ва шикоятларига мурожаат этилган тилда жавоб олиш. Мурожаат этилган тилда жавоб беришнинг иложи бўлмаган тақдирда жавоб Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида берилади. Жавобни қамоқ жазосига, интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс мурожаат этган тилга таржима қилиб бериш жазони ижро этувчи муассаса ёки орган томонидан таъминланади;

-тушунтириш бериш ҳамда ёзишмалар олиб бориш, зарур ҳолларда таржимоннинг хизматидан фойдаланиш;

-ўқув, бадиий ва бошқа хил ахборот материалларидан фойдаланиш;

-соғлиғини сақлаш, шу жумладан тиббий хулосага кўра амбулатория-поликлиника ва стационар шароитда тиббий ёрдам олиш;

-ижтимоий таъминот, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия олиш.

Маҳкум ажнабий фуқаролар шунингдек ўз давлатларининг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан, Ўзбекистон Республикасида дипломатия ва консуллик муассасалари бўлмаган мамлакатларнинг фуқаролари эса, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган давлатнинг дипломатия ваколатхоналари билан алоқа қилиб туриш ҳуқуқига эга.

Маҳкумларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш тартиби Жиноят-ижроия Кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
 
 
Маҳкумларнинг юридик ёрдам олиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг давлат органларига шикоят билан мурожаат қилиш ҳамда ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилган суд қарорлари ва ҳаракатлари устидан шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқларини кафолатлайди.

Конституциянинг 44-моддасига мувофиқ «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади».

Баён этилган конституциявий кафолатлар маҳкумларга ҳам тегишли бўлиб, маҳкумлар адвокатлардан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан холи учрашувлар маҳкумларга уларнинг аризасига ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра берилади.

Адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи рад этганлиги сабабли адвокатнинг маҳкум юридик ёрдам олиши учун у билан учрашув берилиши тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги адвокат маҳкум билан холи суҳбатлашганидан кейин тасдиқланиши керак, бу ҳақда баённома тузилиб, у маҳкум, адвокат ва жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг вакили томонидан имзоланади.

Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлари ушбу Кодексда белгиланган учрашувлар сони ҳисобига кирмайди, бундай учрашувлар сони ва муддати чекланмайди.

Юридик ёрдам кўрсатилаётганда адвокат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг, прокурорнинг, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят бериш;

-жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш.

Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлар ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодексининг 10-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.


 
Маҳкумларнинг шахсий хавфсизлик ҳуқуқи

Маҳкум шахсий хавфсизлик ҳуқуқига эга.

Қамоқ жазосига, интизомий қисмга жўнатиш ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш ҳақида илтимос билан жазони ижро этувчи муассаса ёки органнинг ҳар қандай мансабдор шахсига мурожаат этишга ҳақли. Маҳкум мурожаат этган мансабдор шахс дарҳол унинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга мажбур.

Жазони ижро этувчи муассаса ёки орган бошлиғи маҳкумнинг шахсий хавфсизлигига бўлган таҳдидни бартараф этиш юзасидан зарур чораларни кўради.

Маҳкумларнинг виждон эркинлиги

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси барча фуқаролар учун виждон эркинлигини кафолатлайди. Бу жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар учун ҳам тааллуқлидир.

Маҳкумларга виждон эркинлиги кафолатланади. Улар ҳар қандай динга эътиқод қилишга ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликка ҳақли.

Қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган шахслар ҳузурига, уларнинг илтимосига кўра, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган диний бирлашмаларнинг руҳонийлари таклиф этилади. Маҳкумларга диний расм-русумларни адо этишга, ибодат учун керакли нарсалардан ва диний адабиётлардан фойдаланишга рухсат этилади.

Диний расм-русумларни адо этиш ихтиёрий бўлиб, бу нарса жазони ижро этувчи муассасанинг ички тартиб қоидаларини бузмаслиги, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситмаслиги лозим.

Маҳкумларнинг ташқи дунё билан алоқалари

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия Кодексига мувофиқ, Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи берилган.

Маҳкумларга қариндошлари ёки бошқа шахслар билан муддати тўрт соатгача бўлган қисқа муддатли учрашувга рухсат берилган.

Шунингдек, уларга яқин қариндошлари (эр, хотин, ота-оналар, болалар, ўғил (қиз) қилиб олинган шахслар, ака-укалар, опа-сингиллар, бувалар, бувилар, неваралар) билан узоқ муддатли учрашув муассаса ҳудудида ёки қайд этилган қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, муассаса ҳудудидан ташқарида улар билан бирга яшаш ҳуқуқи билан берилади.

Узоқ муддатли учрашув бир суткадан беш суткагача белгиланган.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларга телефон орқали сўзлашувлар ҳуқуқи ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган бўлиб, бундай сўзлашувлар муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилиб, сўзлашувлар ҳақи маҳкумнинг шахсий хисоб варағидан тўланади.

Бундан ташқари, маҳкумлар жазони ижро этиш муассассига етиб келган кундан бошлаб посилка, йўқлов ва бандерол олишлари ҳамда жўнатиш ҳуқуқларига эга.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар берилган. Жумладан, муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш, болаларни жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштириш, болаларини жойлаштириб келиш ва улар билан учрашиш учун муассаса доирасидан четга чиқиш ҳуқуқлари берилади.

Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан муддати беш суткагача бўлган, шу жумладан муссаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш имконияти билан, узоқ муддатли учрашув берилиши мумкин.

Ижобий тавсифга эга маҳкума аёлларга (қонунчиликда назарда тутилганлардан ташқари) ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ишдан озод этилган вақт мобайнида, шунингдек боласи уч ёшгача тўлгунга қадар муассаса бошлиғининг прокурор тасдиқлаган қарори билан колония ҳудудидан ташқарида яшашига рухсат этилиши мумкин.