Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»нинг ижроси юзасидан МАЪЛУМОТ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»нинг ижроси юзасидан МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 5-бўлими 2-қисми 1-бандига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2022 йил 1 январь ҳолатидаги мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади.

  1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 50 банди бўйича ижро муддати якунланган, шундан 5 банд бўйича ижро муддати узайтирилган, 51 банд бўйича ишлар бажарилган, 27 бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
  2. Миллий стратегияда жами 33 та қонун ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган, жумладан янги қонун ҳужжатлари лойиҳалари – 20 та, амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳалари – 4 та, амалдаги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари – 9 та.
  3. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг 10 та қонунлари (“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуни (янги таҳрири), “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Таълим тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири), “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонуни (янги таҳрири), “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги) қабул қилинди.

Бундан ташқари, 8 та янги қонунлар (“Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги, “Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида”ги, “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги) лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Шунингдек, 3 та янги кодекс (Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Экология кодекси) лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири (Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Уй-жой кодекси) лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 2 та янги кодекс (Ахборот кодекси, Тадбиркорлик кодекси) лойиҳасини ишлаб чиқилмоқда.

  1. 2021 йил давомида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга бевосита қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

  • “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони;
  • “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони;
  • “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони;
  • “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони;
  • “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони;
  • “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони;
  • “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори;
  • “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори;
  • “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори;
  • “2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини итимоий ҳимоя қили тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:

  • “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори;
  • “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби тўғрисидаги низом” қарори;
  • “Одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашувини амалга ошириш ҳамда уларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом” қарори;
  • “Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

  1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси “Йўл харитаси”нинг 4-банди ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил давомида идоралар ва ташкилотлар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимини янада мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги семинар-тренинглар ва ўқув курслари ташкил этилди, хусусан:
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар, жазони ижро этиш муассасаларининг
    1214 нафар ходимлари,
  • Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаларининг 30 нафар ходимлари,
  • хотин-қизлар ахлоқ тузатиш муассасаларининг 30 нафар ходимлари,
  • Бош прокуратура, Олий суд, Статистика давлат қўмитаси, юридик йўналишдаги олий ўқув юртларининг 28 нафар мутахассислари,
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятлари жазони ижро этиш муассасаларининг 35 нафар ходимлари,
  • Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг вилоят бўлинмаларининг 30 нафар ходимлари ўқитилди.

 

  1. “Йўл харитаси”нинг 6-банди ижросини таъминлаш доирасида 2021 йил давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 31 та амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётлар нашр этилди ва 50 дан ортик давлат органлари, ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига тарқатилди.
  2. “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижросини таъминлаш доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги 60-сон қарори билан “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби тўғрисидаги низом” ҳамда “Одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашувини амалга ошириш ҳамда уларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди. Мазкур қарор одам савдосидан жабрланган шахсларнинг тиббий, психологик, ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа турдаги ёрдам олиш ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини яратди.

АҚШ Давлат департаментининг 2020 йилда одам савдосига қарши курашнинг дунё бўйича ҳолати тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистон 2021 йилда иккинчи тоифага (Tier 2) ўтказилди. Илгари,  2018-2020  йиллар  давомида Ўзбекистон  иккинчи  гуруҳи таркибида (Tier 2 Watch List) бўлиб келган. Маърузада  таъкидланганидек, “Ўзбекистон одам савдосига барҳам бериш учун сезиларли даражада саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳукумат ҳисобот даврида, COVID-19 пандемия шароити унинг одам савдосига қарши курашиш борасидаги имкониятларига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, айни соҳада ҳал қилувчи ютуқларга эришди; шунинг учун Ўзбекистон Назоратнинг 2-тоифаси рўйхатига ўтказилди”.

  1. “Йўл харитаси”нинг 21-банди ижросини таъминлаш доирасида 2021 йил 8 февралда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳамда 2021 йил 31 май куни «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, 2021 йил 7 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг “Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида 2021 йил 24 октябрь куни Ўзбекистонда Президентлик сайловлари ўтказилди.
  2. “Йўл харитаси”нинг 28-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони билан “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Концепция инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш масалаларини ўз ичига олди.
  3. “Йўл харитаси”нинг 29-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш, ишсизларни, биринчи навбатда, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш механизмлари белгиланди.
  4. “Йўл харитаси”нинг 44-банди ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги СҚ-297-IV-сонли Қарори билан "2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси" тасдиқланди. Стратегияда барча соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга ҳамда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган. Мазкур стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 29 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш маркази ташкил этилди. Ҳуқуматнинг қарори билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордерини бериш тартиби белгиланди. Шунингдек,  Хотин-қизларни  қўллаб-қувватлаш  давлат  мақсадли  жамғармаси  фаолияти  ташкил  этилди. Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 68 минг 281 нафар хотин-қизга 837 млрд. 931 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, бандлиги таъминланди.

  1. “Йўл харитаси”нинг 45-банди ижроси таъминланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2021 йил 17 февралдаги Фармойиши билан "2021 - 2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси Концепцияси" тасдиқланиб, унга кўра ижтимоий нафақа олиш  жараёнини  соддалаштириш  режалаштирилган,  ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона масъул орган тузилган. Концепция билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштириш режалаштирилган.
  2. “Йўл харитаси”нинг 47-банди ижроси таъминланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Концепция БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясида белгиланган “Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш” бош тамойилига асосланди. Шунингдек, Концепцияни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
    Концепцияда ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ёшларга сифатли таълим, муносиб меҳнат, тадбиркорлик, маданият, санъат, спорт фаолияти учун кенг шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш каби вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган.
  3. “Йўл харитаси”нинг 58-бандини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг олий даражадаги Сегментида билдирилган ташаббусларини амалга ошириш мақсадида 2021 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5163-сон Қарори қабул қилинди.

Қарор билан Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил қилиш, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаш, мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш орқали уларда қийноқ ҳолатларининг бартараф этилишига эришиш,

“Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритишни йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикасининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиши юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш белгиланган.

Қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисидаги”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, ҳозирги кунда Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилмоқда.

  1. “Йўл харитаси”нинг 66-банди ижросини таъминлаш доирасида “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” мутахассисликлари бўйича магистр кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Хусусан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Бош прокуратура академияси ҳамкорликда 2021 йил 9 декабрда «Инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма магистрлик дастурини яратиш бўйича Консорциум ташкил этиш ҳақида»ги қўшма қарорни имзолади. Ушбу йўналишда Бош прокуратура Академиясида 2021-2022 ўқув йили учун 10 та қабул квотаси тасдиқланиб, магистрантлар қабул қилинган.

 

  1. . “Йўл харитаси”нинг 69-банди ижросини таъминлаш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузурида олий таълимдан кейинги таълим институти ташкил қилиниб, мустақил тадқиқотчилар қабули ташкил қилинди. 2021 йилда жами 13 нафар мустақил тадқиқотчилар расмийлаштирилди. Шунингдек, Марказ ҳузурида 12.00.01 - “Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи. Ҳуқуқий таълимотлар тарихи”, 12.00.10 - “Халқаро ҳуқуқ” ҳамда 12.00.13 - “Инсон ҳуқуқлари” (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисосликлари бўйича докторантура ташкил қилиниб, 1 нафар докторантура, 4 нафар таянч докторантурага талабгорлар қабул қилинди. 2021 йил 28 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистан Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.39/30.11.2020.Yu/S.128.01 рақамли илмий кенгаш йиғилишида 12.00.13 – Инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича дастлабки диссертация ҳимояси бўлиб ўтди.
  2. “Йўл харитаси”нинг 72-банди ижросини таъминлаш доирасида 2021 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Нью Йорк, 2000 йил, 13 декабрь) ратификация қилди. Конвенциянинг ратификация қилиниши ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини яратиш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳар йили 500 нафаргача ногирон ёшларга ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилади. 2022 йилдан ҳар йили танлов асосида 20 нафаргача ногирон ёшлар хорижий олий таълим муассасаларида, онлайн курсларда таълим олиши ташкил этилади. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан Ҳукумат ҳузурида доимий фаолият юритувчи Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил қилинди.

  1. “Йўл харитаси”нинг 73-банди ижросини таъминлаш доирасида
    2021 йил 4 июнда Ўзбекистон Республикасининг Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 187-сон конвенцияси ратификация қилинди. Шунингдек, Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 183-сон конвенциясини ратификация қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
  2. “Йўл харитаси”нинг 74 ва 76-бандларини амалга ошириш доирасида 2021 йил 12-13 август кунлари Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзуидаги Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. Конференция якунида Тошкент Ёшлар декларацияси қабул қилинди.
  3. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари давом эттирилди. Бугунга қадар жами 283 та, шу жумладан 201 та электрон, 42 та босма маҳаллий оммавий ахборот воситалари, 40 та хорижий оммавий ахборот воситаларидаги мақола ва маълумотларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ёритилган.
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech