“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига кўра: ижтимоий ёрдам ва ҳимояга, жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан бирга тенг тўлиқ ва самарали иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратилишига муҳтож барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахс – ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари – бу инсон ҳуқуқларининг махсус соҳаси эмас, балки унинг айнан ўзидир. Ногиронлиги бўлган шахслар бошқалар билан бир хил ҳуқуқлардан фойдаланишлари керак. Ушбу ҳуқуқлар барча ногиронлиги бўлган шахсларга ҳеч қандай истисносиз ёки камситишларсиз берилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари мураккаб, чунки турли хил ижтимоий-сиёсий, маданий ва ҳуқуқий шароитларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилади. Масалан, Ногиронлиги бўлган шахслар дуч келадиган умумий тўсиқ ишга жойлашиш билан боғлиқ. Хусусан, иш берувчилар кўпинча ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат функцияларини самарали бажаришлари учун зарур шарт-шароитларни яратишни хоҳламайдилар ёки таъминлай олмайдилар. Шу сабабли уларни ишга олишни хоҳламайдилар.
Ногиронлиги бўлган шахсларга улар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этиши, шунингдек тирикчилик қилиш имконияти, транспорт воситаларидан эркин фойдаланиш, таълим олиш, маълумотлар олиш, мустақил эркин ҳаракатланиш имконияти берилиши керак. Ногиронлиги бўлган шахслар инсонга хос бўлган қадр-қимматни, унинг шахсий мустақиллигини ҳурмат қилиш, камситмаслик, барча имкониятлардан тўсқинликсиз фойдаланиш, имкониятларнинг тенглиги, жамият ҳаётидада тўлиқ иштирок этиш учун барча одамлар билан бир хил ҳуқуқларга эга. Булар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий тамойилларидир.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг минимал стандартларини белгилайдиган мажбурий аҳамиятга эга бўлган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Мазкур Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда ратификatsiя қилинган.
Конвенция иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар қонун олдида тўлиқ тенгликдан баҳраманд бўлишларини таъминлаши шарт. Конвенция ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари учун глобал ҳаракатнинг асосий катализатори бўлиб хизмат қилади, бу ногиронларнинг хайрия, тиббий даволаниш ва ижтимоий ҳимоя объекти сифатида қарашлардан инсон ҳуқуқларига эга бўлган жамиятнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида қабул қилишга ўтишга имкон беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши белгиланган.