Мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълумотларига кўра, олис ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳар йили бир маротаба қиймати 50 миллион сўм миқдордаги лойиҳалар танловини ўтказиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектлари ўртасида лойиҳалар танлови ўтказилиб, танловда иштирок этган 52 та тадбиркорлик субъектининг лойиҳа таклифлари ва ҳужжатлари танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилган.
Танлов комиссиясининг қарорига асосан энг яхши ва асосли деб топилган 12 та тадбиркорлик субъекти лойиҳаларига 50 миллион сўмдан грант маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби ҳамда йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари белгилаб берилган.
Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади. Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунга қадар 452 нафар хотин-қиз ушбу мукофот билан тақдирланган.
Мутахассиснинг маълум қилишича, “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичини шакллантиришда 30 ёшдан ошган 7,5 миллион нафар хотин-қиз хатловдан ўтказилиб, 1 миллион 265 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган.
Дафтарга киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 982 минг 387 нафарига ёрдам кўрсатилди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 548 минг 458 нафари янги иш ўринлари ва жамоат ишларига жойлаштирилди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 35 минг 930 нафарига тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилган.
Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 155 минг 24 нафарига бир марталик моддий ёрдам берилган. 1 минг 763 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилган. 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 175 минг 351 нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. 5 минг 437 нафар хотин-қизга ижара компенсацияси тўлаб берилган.
Шу билан бирга, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд аёллардан 61 минг 759 нафарига моддий ёрдам берилган. 1 минг 470 нафарига томорқадан унумли фойдаланиши учун амалий ҳамда моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 12.11.2024
- Кўришлар: 674
- Чоп этиш