Конституциявий ислоҳотлар инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади

Конституциявий ислоҳотлар инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар доирасида мамлакатимизда халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Шу боис жорий йилда икки етакчи сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича муҳим ташаббус илгари сурилди.

Ушбу ташаббусни амалга ошириш борасидаги ишларни самарали ва пухта ташкил этиш мақсадида Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилди.

Ўтган даврда Конституциявий комиссия томонидан Асосий қонунимизни янада такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди. Жумладан, Конституциявий комиссиянинг Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи ва Таклифлар билан ишлаш гуруҳи кенг жамоатчиликдан келиб тушган ҳар бир фикр-мулоҳаза ва таклифни ўз вақтида умумлаштириб, таҳлил қилиб борди.

Конституциявий комиссиянинг Матбуот хизмати ислоҳотларнинг очиқ ва шаффоф олиб борилишини таъминлаш ҳамда бу борадаги ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Конституциявий комиссиянинг хулосалари асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан 2022 йил 21 июнь куни парламент қуйи палатасига киритилди.

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасига Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси масъул этиб белгиланди. Мазкур қўмиталарнинг хулосалари асосида шу йилнинг 24 июнь куни Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

«Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарорига асосан Конституциявий қонун лойиҳаси жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ва «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформасида эълон қилинди.

Конституциявий ислоҳотларга халқимиз ва жамоатчиликнинг катта қизиқиш билан қараганлиги ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган истаклардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарорларига мувофиқ Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати икки маротаба узайтирилиб, шу йил 1 август кунига қадар давом эттирилди.

Масъул қўмиталар Конституциявий комиссия билан биргаликда фуқароларнинг таклифлари ҳамда фикрларини умумлаштириш, ўрганиб чиқиш ҳамда таҳлил этиш борасидаги ишларни узлуксиз олиб борди ва ҳозирда ҳам бу жараён давом эттирилмоқда.

Етакчи сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари томонидан конституциявий ислоҳотлар бўйича илгари сурган ташаббуслари уларнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги, умуман, мамлакатимиз олий вакиллик органларидаги алоҳида ўрни ва масъулияти қай даражада ошганлигини аниқ намоён этди.

Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасининг депутатлар томонидан киритилганлиги, лойиҳанинг умумхалқ муҳокамасидан ўтказилганлиги депутатлар корпусининг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида масъулияти янада ошганлигини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклигига, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассамлигига алоҳида урғу берганликлари конституциявий ислоҳотларимизга янгича мазмун-моҳият олиб кирди. 

Ўтган вақт мобайнида масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни ҳар томонлама таҳлил қилиш имконияти яратилди. Масъул қўмиталар ушбу таклифлар асосида Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштирди.

Конституциявий қонун лойиҳасининг ҳар бир нормаси умумхалқ манфаатларига дахлдорлигини инобатга олиб, уни ҳар томонлама синчиклаб кўриб чиқиш ва мукаммал ҳужжатга айлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 24 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Ундан олдин ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишлари ҳамда қуйи палата Кенгаши мажлисида ҳам муҳокама қилинди.

Мажлисда бир гуруҳ депутатлар Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, жойлардаги учрашувларда халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил этишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни беришда давом этаётганлигини ҳамда бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш мумкин эмаслигини таъкидлаб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш юзасидан таклифларни илгари суришди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги муҳокамалар якунидан келиб келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ҳали олдимизда қатор вазифалар турибди.

Аввало, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги устувор йўналишлар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ва маъмурий ислоҳотлар билан узвий боғлиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Конституциявий қонун лойиҳасига давлат хизматини янада демократлаштириш, унинг очиқлигини ва маъмурий ислоҳотларга ҳамоҳанглигини таъминлашга хизмат қилувчи нормаларни сингдириш муҳим аҳамиятга эга.

Ижтимоий давлат принципини рўёбга чиқаришнинг конституциявий механизмларини кўзда тутиш, жамоатчилик, парламент ва депутат назорати механизмларини такомиллаштиришга қаратилган нормаларни ишлаб чиқишга ҳам катта эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давлат ва жамият қурилишининг таъсирчан конституциявий асосларини яратиш бўйича энг яхши тажрибани амалиётга татбиқ этиш чораларини кўришимиз керак бўлади.

Конституциявий қонун лойиҳасидаги нормаларнинг амалдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўзаро боғлиқлигини ҳамда давлат органлари, шу жумладан судлар томонидан Конституция нормаларининг қўлланилишини тартибга солиш масалаларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур.

Албатта, билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирган ҳолда лойиҳани ҳар томонлама мукаммал ҳужжатга айлантириш ҳозирги кундаги асосий мақсадимиз ҳисобланади.

Юқоридагилардан ташқари илғор хорижий тажрибани ўрганиш, давлат ва жамият қурилишининг самарали конституциявий асосларини яратишга қаратилган энг яхши тажрибани амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш чораларини кўриш, конституциявий ислоҳотларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, унинг асосий вазифалари, конституциявий янгиликларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда мамлакатимизда ҳамда чет элларда қатор тадбирлар ташкил этиш зарур.

Шундан келиб чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда масъул қўмиталар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Мухтасар айтганда, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишлар давом этар экан, парламент бу борада барча куч ва имкониятларини янада сафарбар этиши, масъул қўмиталар эса олдига қўйилган аниқ вазифаларни изчиллик билан бажариши зарур бўлади. Бу эса конституциявий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадга, яъни мамлакатимизда инсонни улуғлашга, унинг шаъни ва қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилади.

 

   

Нуриддин ИСМОИЛОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Спикери

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech