Навоий вилоятида қийноққа қарши курашиш амалиётига бағишланган ўқув курси бўлиб ўтмоқда

19 сентябрь куни Навоий вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ўз ишини бошлади. Машғулотларда Навоий вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида қатнашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг олий даражадаги сегментида сўзлаган нутқида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш, одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган ҳар қандай қийноқ кўринишларининг олдини олиш тизимини ривожлантириш мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқрлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

Қийноқлар – инсониятга қарши жиноят ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди. 

Ўқув курси давомида маърузачилар томонидан қийноқнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибаларнинг моҳияти атрофлича тушунтирилмоқда. Бу соҳада қатор янги таъсирчан механизмларни жорий этиш юзасидан атрофлича маълумотлар берилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech