Жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига асос солинганига 6 йил бўлди. Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва самарадор ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди.
Биринчидан. Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми 2018 йил ноябрида бўлиб ўтди. У БМТ ташкил этилганидан кейинги 70 йил давомида Осиё минтақасида биринчи марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” сифатида ташкил этилди. Форум жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётган, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар кучайган мураккаб шароитда ўтказилди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига йўллаган табригида: “бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ”, деб таъкидлангани бежиз эмас.
Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусига бағишланди. Халқаро анжуман якунида БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларининг “Самарқандча руҳи”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлади. Ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, бу эзгу ишни янги, янада юксак поғонага олиб чиқишга хизмат қилди.
Иккинчидан. Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд форуми 2020 йил 12-13 август кунлари бўлиб ўтди. У “Ёшлар ̶ 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига бағишланди.
Коронавирус кучайган бир қалтис даврда ўтказилган мазкур онлайн Форум якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд веб-форуми резолюцияси БМТнинг расмий ҳужжатлар тизимида А/74/998 рақами остида жойлаштирилган. БМТнинг 6 та расмий тили – араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинган.
Учинчидан. Инсон ҳуқуқлари бўйича III Самарқанд форуми 2022 йил 5-6 декабрь кунлари «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида бўлиб ўтди. Ушбу Глобал форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 11 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дастлабкиси бўлди. Кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари Самарқанд форуми иштирокчиларига самимий қутловлар билан мурожаат қилдилар ва халқаро анжуман ишида фаоллик кўрсатдилар.
Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятларини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсоният олдидаги қийинчиликларни енгишга кўмаклашади. Айниқса, ёшларга бу соҳада берилган пухта таълим уларнинг фуқаролик фаоллигини оширади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бутун умр давомида ўқитилиши, мунтазам малака ошириб борилиши ва ўрганилган билимлар амалда қўлланиши талаб этиладиган ўзига хос таълим соҳасидир. Зеро, таълим олиш ҳеч қачон ёш танламайди”.
Форум якунида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича Самарқанд Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Самарқанд Ҳаракатлар режаси, Глобал форум иштирокчиларининг фикрича, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш ишига қўшилган катта ҳисса бўлди. Бинобарин, Жаҳон таълим дастурининг ўзи – Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни тўлдирувчи глобал Ҳаракатлар режаси, деганидир.
Тўртинчидан. Жорий йил 13 июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўз ишини бошлайди. Бу галги анъанавий халқаро анжуман «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланган.
Форум сайёрамиз миқёсида учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайган кескин экологик вазиятда бўлиб ўтади. Унинг иштирокчилари экология ва инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ айни хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётганини ҳисобга олиб, экологик муаммоларга фақат минтақавий даражада ёндашиш билан чекланмай, балки бу глобал таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш истиқболларини ҳам атрофлича муҳокама қилиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.06.2024
- Кўришлар: 1592
- Чоп этиш