"Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!"
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топган. Кейинги даврда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилди.
Хусусан, халқимиз 2023 йил 30 апрель куни референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда учта йўналишда:
биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш;
иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш;
учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланди.
Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ:
“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.
Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.
Бинобарин, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.
Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.
Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.
Шундай экан, ахборотни, жумладан Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, 33-модданинг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади.
Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, бугунги “рақамлаштириш” замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига оид янги нормаларни мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддаси биринчи қисмида фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилган:
“Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.
Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилди. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки, Президентимиз қайд этганидек, оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.
Энг муҳими, эндиликда Конституцияда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилди. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос:
бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса;
бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди, яъни ошкорлик том маънода таъминланади.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгилангани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.
Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.
Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра:
“Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.
Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.
Айни шу конституциявий нормалардан кўланган мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Шунга ўхшаш нормалар Словакия, Испания, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд.
Ўз навбатида, янгиланаётган Конституциянинг 82-моддасида ушбу нормалар мустаҳкамланган:
“Цензурага йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.
Шундай қилиб, цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституцияда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб, оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўташи тайин.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 01.12.2024
- Кўришлар: 433
- Чоп этиш