Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тўплам тўрт тилда бўлиб, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар мутахассислари, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда гендер тенглик масалаларига қизиқадиган жами китобхонларга мўлжалланган.
Мазкур конвенция бундан 45 йил олдин, БМТ Бош Ассамблеясининг 34/180-сонли резолюцияси билан қабул қилинган. Конвенция (CEDAW Конвенцияси) йигирмата давлат томонидан ратификация қилинганидан сўнг, 1981 йил 3 сентябрда кучга кирган. Ўзбекистонда 1995 йил 18 августда ратификация қилинган. Бугунги кунга келиб, ҳужжат 189 та мамлакатда ратификация қилган.
Конвенция хотин-қизларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларига бағишланган халқаро қонун сифатида эътироф этилган. Ушбу ҳужжат БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тўққизта асосий Конвенциясидан бири бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг хотин-қизлар ҳуқуқлари борасидаги якдил қарашларини ифода этади.
Конвенциянинг асосий принцип ва қоидалари 2023 йил апрель ойида умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Хусусан, Конституциянинг 42- ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитлари яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, ушбу янги тўплам давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар мутахассислари, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда гендер тенглик масалаларига қизиқадиган жами китобхонларга мўлжалланганини таъкидлади.
Тўпламдан конвенциянинг тўрт – ўзбек, қорақалпоқ инглиз ва рус тилларидаги матни жой олган.
Қайд этилишича, ушбу нашр Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги ҳамда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги муносабати билан нашр қилинган.
– Тўпламни тайёрлаш, нашр этиш ва тақдимотини ўтказишдан мақсад айни Конвенцияда белгиланган халқаро стандартлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларига бағишланган қоидаларнинг асл мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишдир. Бу маърифий тадбир замирида, шунингдек, ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат нормаларини мамлакатимиз ижтимоий ҳаётига изчил татбиқ этиб боришга кўмаклашиш мақсади ҳам мужассам, – деди А.Саидов.
Тақдимотда сўзга чиққан экспертлар Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий, узвий ва изчил давом эттирилаётганига эътибор қаратиб, бу борадаги самарадор саъй-ҳаракатлар миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда кенг қўллаб-қувватланаётганини эътироф этди.
Шу ўринда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокига назар ташлайдиган бўлсак, бу борадаги фаол ишлар ўз самараларини амалда намоён этаётганига гувоҳ бўламиз.
Масалан, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етган. Янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Тадбиркор аёллар сафи 37 фоизга кўпайган. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат: Янги Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришишдаги ютуқлари БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро индексларда ўз аксини топмоқда. Мамлакатимиз 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Натижада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни банд этди.
Шунингдек, ўтган йилда мамлакатимиз Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонун" индексида 48 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади. Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.
Умиджон Қурбонов, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 30.01.2025
- Кўришлар: 955
- Чоп этиш