5 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда “Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали таҳририяти ҳамкорлигида шу мавзуда маърифий мулоқот ўтказилди. Тадбир 2025 йил мамлакатимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили, деб эълон қилингани муносабати билан ташкил этилди.
“Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги” журнали бош муҳаррири Тоҳир Долиев мулоқотни очар экан, журнал таҳририятининг 2024 йилдаги фаолияти ва жорий йилдаги режалари ҳақида мухтасар сўз юритди. Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев атроф-муҳит, табиат, экология, “яшил” иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари тушунчалари ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳақида тўхталди.
Бугунги кунда сайёравий кўламдаги учта таҳдид – иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши бутун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ. Бу соҳада БМТ Махсус маърузачиси мақоми ҳам таъсис этилди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили, деб эълон қилингани мантиқан асосли ҳамда ҳар томонлама мақбул қарордир. Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бу борадаги Давлат дастури лойиҳаси юзасидан ўтказган йиғилишда қайд этилганидек, “Яшил макон” дастури доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилмоқда. Ўтган 3 йилда 698 та боғ ва 316 та жамоат парки ташкил этилди. Орол денгизининг қуриган тубида қарийб 2 миллион гектарли бутазор барпо этилди.
Бу йил кўчатчиликка ихтисослашган 18 та ўрмон хўжалиги ташкил қилинади. Уларда “илм-лойиҳа-амалиёт” тамойили асосида генетик селекция ишлари кучайтирилиб, уруғчилик лабораториялари, интенсив тажриба участкалари ва “оналик” плантациялари йўлга қўйилади. Ушбу хўжаликларда жорий йилда 123 миллион туп кўчат тайёрланади. “Яшил олам” платформаси ишга туширилиб, уларни онлайн сотиб олиш йўлга қўйилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳудудида дарахт эккан, ишлаб чиқаришда экологик тоза ускуна ва материаллардан фойдаланганларга “яшил тадбиркор” мақоми берилади.
Мулоқот давомида сўзга чиққан ижодкорлар айни муҳим ва қизғин жараёнларни матбуот саҳифаларида кенг ёритиш юзасидан ўз амалий таклифларини билдирдилар.
Учрашув якунида таҳририят ижодий ходими Маҳмуджон Тоировга 70 ёшга тўлгани муносабати билан самимий қутловлар изҳор этилди ва совғалар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.02.2025
- Кўришлар: 808
- Чоп этиш