ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИ

Ушбу тарихий ҳужжат талаблари ҳаётимизда ўз аксини топмоқда

 

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури амалга оширилаётганига 2 йил бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган ушбу Дастур янги тарихимиздаги муҳим воқеликлар сирасига киради.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, аҳоли хабардорлигини юксалтириш ва ҳуқуқни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар назарда тутилган. Шу билан бирга, Дастур давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг биргаликда олиб борадиган ишларини яхлит тизимга солишга хизмат қилмоқда.

Ушбу Дастур Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичи талабларини миллий ҳуқуқий муҳитимизда амалга оширишга қаратилган. Яъни, айни ҳуқуқий ҳужжат бу борадаги жаҳон тажрибаси ва миллий амалиётни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг моҳияти Янги Ўзбекистон жамияти, давлати ва мамлакатимизда яшайдиган ҳар қайси инсон учун беқиёс аҳамиятга эга. Унинг етти устувор йўналиши серқирра мақсад ва вазифаларни ўзида қамрагани ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ижросини таъминлаш мақсадида уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шу асосда ҳар бир йўналиш бўйича парламент, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури бажарилишининг ҳар бир босқичи мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар Дастурни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 30 бандидан 17 таси тўлиқ бажарилган. Қолган бандларни амалга ошириш юзасидан ишлар изчил давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг биринчи йўналиши доирасида, хусусан, 2023 йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилиб, пойтахтда ва вилоятларда халқаро конференция ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Маҳаллаларда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида турли учрашувлар ўтказилди.

Ёшлар орасида “#Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият” хештеги ва “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси бўлиб ўтди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идоралар ҳам самарали тарғибот ишларини олиб борди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 6 та олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича махсус курслар очди. Бундай курслар 14 та ҳудуддаги 114 та олий таълим муассасаси ва 330 та профессионал таълим ташкилотида ҳам татбиқ этилди. Шу билан бирга, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб 11 та тиббиёт олий таълим муассасасида “Инсон ҳуқуқлари” бўйича 60 соатлик махсус ўқув модули жорий этилди.

Шунингдек, 2023 йил 15 август куни ўтказилган “Инсон ҳуқуқлари келажак авлодлар учун” мавзусидаги ёзги мактаб ишида парламент вакиллари, давлат идоралари ходимлари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Миллий марказ ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида 2023-2024 йиллар мобайнида 2 маротаба «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказилди.

Дастурнинг иккинчи йўналиши доирасида, жумладан,  2023 йил 29 июль – 19 август кунлари Миллий марказ, Судьялар олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Олий суд ҳамкорлигида “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида 4 ҳафталик “Ёзги мактаб” ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ҳудудлардаги 14 та ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил қилинди. Уларга Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан 1 минг 600 нусха ҳуқуқий адабиёт тақдим этилди.

Миллий марказ 2023-2024 йилларда 10 та янги тўплам нашр этган бўлиб, уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ҳуқуқлари, суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли халқаро шартномаларга оид китоблар ташкил этади. Янада муҳими, 2024 йилда 45 та халқаро ҳужжат расмий таржима қилиниб, 4 та халқаро шартномалар тўплами чоп этилди.

Миллий марказ ва Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида 2023 йилда “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик” номли махсус курс ишлаб чиқилиб, раҳбар кадрлар ва барча даражадаги давлат хизматчилари ўқув жараёнига жалб этилди. Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва жазони ижро этиш муассасалари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси 2023 йилда – 10 та, 2024 йилда – 11 та ҳудудда ўтказилди.

Кейинги икки йил давомида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида курслар ташкил этилди. Бу машғулотларда 40 дан ортиқ идора ва ташкилот вакиллари миллий ҳисоботлар тайёрлаш, халқаро тавсияларни амалиётга жорий этиш бўйича кўникма ҳосил қилди.

Дастурнинг учинчи йўналиши инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга оид вазифалардан иборат. Мазкур йўналиш доирасидаги ишлар ҳақида сўз борганда, хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” курслари бўйича таълим ташкил этилиши ўрганилганини қайд этиш лозим.

Бу жараёнда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан шакллантирилган ишчи гуруҳ айни соҳадаги дарсликлар, ўқув дастурлари ҳолатини танқидий кўриб чиқиб, тегишли таклифлар тайёрлади. Натижада янгиланган модуллар амалиётга жорий этилди.

Яна бир эътиборли натижа: «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълимни такомиллаштириш мақсадида 2023/2024-ўқув йили учун давлат бюджетидан 3 та таянч докторантура қабул квотаси ажратилди. Айни шу ихтисослик бўйича 2021–2024 йилларда 14 нафар докторант ва 34 нафар мустақил изланувчи илмий тадқиқот олиб борди, 2023–2024 йилларда эса 5 нафар докторант ва 14 нафар мустақил изланувчи қабул қилинди. Ушбу ихтисослик бўйича 1 та докторлик (DSc) ҳамда 3 та PhD диссертацияси ҳимоя қилинди.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари бўйича магистратура йўналиши 2 та олий таълим муассасасида йўлга қўйилиб, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ” ва Тошкент давлат юридик университетида “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” магистратурасида жами 30 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига мансуб юртдошларимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирлар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг тўртинчи йўналишида белгиланган. Ушбу  бандлардаги вазифалар доимий бўлганлиги учун тегишли топшириқлар бўйича ишлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Жумладан, ўтган даврда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан барча вилоятлар ва Қорақалпоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига бағишлаб 143 маротаба семинар-тренинг ўтказилди. Бу жараёнда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси нормалари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича 30 маротаба ОАВ орқали тарғибот олиб борилди. БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши устидан 3 та жамоатчилик мониторинги ҳамда 10 та турли тадбирлар ташкил этилди.

Миллий марказ томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда “Аёллар ҳуқуқлари” ўқув курси ташкил этилди. Ушбу курс 2023-2024 йилларда 2 маротаба ўтказилиб, машғулотларда 93 нафар тингловчи хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва миллий механизмлар ҳақидаги билимларини мустаҳкамлади.

Шунингдек, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан бир қатор махсус чора-тадбирлар амалга оширилди. Масалан, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда инспектор-психологларга бола ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинглар ўтказилиб, бу маърифий тадбирга 1 минг 900 нафардан ортиқ ходим қамраб олинди.

Шу ўринда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўртасида “Мигрантлар ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида махсус ўқув курси ташкил қилинганини ҳам қайд этиш лозим.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастуридаги бешинчи йўналиш инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини оширишга қаратилган. Дастурнинг мазкур йўналиши доирасидаги жами 4 та банд бўйича доимий ишлар давом эттирилмоқда.

Фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда юртимиз бўйлаб 2023-2024 йиллар давомида 187 та тадбир ўтказилди. Шунингдек, муқобил маърузалар тайёрлаш бўйича учта семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирлар давомида ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аёллар ҳуқуқлари, халқаро талаблар ва нодавлат секторнинг ўрни кенг муҳокама қилинди.

Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” бўйича ўқув курси ўтказилиб, машғулотларга 12 минг 695 нафар тадбиркор ва фермер қамраб олинди. Бундан ташқари, “Фермер минбари” телеграм гуруҳи орқали ҳар куни “Бизнес ва инсон ҳуқуқлари” бўйича янги қонучилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтириб борилмоқда.

Касаба уюшмалари тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида 7 та таълим йўналишида “Инсон ҳуқуқлари” фанини ўқитиш йўлга қўйилди. Шунингдек, ушбу Академия Миллий марказ билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Мажбурий меҳнатнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни ўрганиш” мавзуси бўйича 20 соатлик махсус курс дастурини ишлаб чиқиб, 2023/2024-ўқув йилидан амалга оширмоқда.

Дастурнинг олтинчи йўналиши доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситалари орқали сингдиришга оид чоралар кўзда тутилган. Хусусан, Миллий марказ томонидан мактабгача таълим муассасаларининг педагог ходимлари ҳамда тарбияланувчилари учун 2 та қўлланма тайёрланди.

Дастур доирасида туркум радио-теледастурлар, кўрсатувлар ташкил этилиб, 2023–2024 йилларда оммавий ахборот воситаларида инсон ҳуқуқлари мавзусида 690 та материал эълон қилинди, 165 та радио эшиттириши, 382 та телелавҳа, 6 та видеоролик эфирга узатилди, 15 та ток-шоу ва 11 та брифинг ўтказилди.

Давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари, ОАВ ходимлари учун “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва бу борада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши” мавзусидаги ўқув курси ўқитилиб, унда 79 нафар масъул мутахассис қатнашди.

Давлат хизматчилари ва кенг жамоатчиликка мўлжалланган инсон ҳуқуқлари таълими бўйича “Электрон платформа” (http://ecourse.nhrc.uz) фаоллаштирилиб, унда 5 та интерфаол курс йўлга қўйилди. Ҳар бир курс якунида тест назоратидан муваффақиятли ўтган тингловчи сертификат олиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича халқаро ҳамкорлик изчил ривожланаётгани ҳам эътиборга лойиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу борадаги чора-тадбирлар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг охирги, яъни еттинчи  йўналишида белгиланган бўлиб, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши билан биргаликда 2023–2024 йилларда салкам 40 та тадбир ўтказилди.

Жумладан, Миллий марказ халқаро ҳамкорлар билан бирга аёллар етакчилигини рағбатлантириш, фуқаросизликка барҳам бериш, миллий озчиликлар ҳуқуқи, халқаро тавсияларни бажариш механизмлари, маҳкума аёллар билан муомала қилиш қоидалари, хотин-қизларнинг тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги роли каби мавзуларда қатор семинарлар ташкил этди.

Дастур ижросини назорат қилиш мақсадида 2023-2024 йиллар давомида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиянинг 4 та мажлиси ҳамда парламент даражасида 7 та йиғилиш ўтказилди. Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий таълим дастурини жойларда татбиқ қилиш учун 3 та вилоят, 2 та шаҳар ва 21 та туман ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш учун асосий восита бўлиб, у ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини таниш ҳамда ҳимоя қилиш имконини беради. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури мамлакатимизда бу соҳада янги босқични бошлаб берди.

Дастур ижроси доирасида, бир томондан,  аҳолида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотлар ошди, давлат органлари ходимлари, талаба-ёшлар, нодавлат ташкилотлар жараёнга кенг жалб этилди. Иккинчи томондан, халқаро анжуманлар, ўқув курслари, семинарлар тарзида кўплаб амалий ишлар бажарилди.

Янада муҳими, айни жараёнда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 октябрдаги 57/10-сон резолюцияси билан эълон қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини мамлакатимизда изчил амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратилгани эътиборлидир.

 

Мирзатилло ТИЛЛАБОЕВ,

 Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари

“Куч — адолатда” газетасининг 2025 йил 7 феврал кунги № 6 (1040)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech