7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан “Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни”га бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Конференцияда Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона институти, Юристлар малакасини ошириш институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат транспорт университети, Термиз давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Урганч давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Чирчиқ давлат педагогика институти, Тошкент давлат аграр университети юридик факультетлари профессор-ўқитувчилари, академик ҳамжамият ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов конференцияни очар экан, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида сўнгги йилларда мисли кўрилмаган тарихий ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Айниқса, мамлакатимиз хотин-қизларининг илм-фан соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон зиммасига олган халқаро мажбуриятларни тўла бажариб келмоқда. Бу борада самарали миллий механизмлар жорий этилган ва улар асосида хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланмоқда.
Шунингдек, Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими бошлиғи Нодира Мустафоева сўз олиб, мамлакатимиз илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг роли кескин ошиб бораётганлиги ҳақида фикр юритди. Бугунги кунда олий таълимнинг бакалавриат, магистратура ҳамда таянч докторантура босқичларида хотин-қизларнинг давлат ҳисобидан таълим олиши ва илмий тадқиқотларни амалга ошириши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Фанлар академияси тизимида ҳам бу борада катта ишлар қилинмоқда.
Конференциянинг биринчи ялпи мажлисида “Илм-фанда аёллар: ютуқлар ва янги имкониятлар” мавзуси доирасида маърузалар тингланди ва қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Академияси кафедра бошлиғи ўринбосари Насиба Турғунова “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар”, Божхона институти катта ўқитувчиси Мафтуна Шермаматова “Гендер тенглик муаммоларини инобатга олган ҳолда, савдо муносабатларини соддалаштириш масалалари”, Транспорт университети доценти Мафура Инагамова “Аёллар репродуктив ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро ҳуқуқий жиҳатлари”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Шахзода Рашидова “Араб мамлакатларида аёлларнинг илм-фан соҳасидаги фаолияти” мавзуларида маъруза қилди.
Илмий-амалий анжуманнинг иккинчи ялпи мажлиси “Хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш – ёш олимлар нигоҳида” деган мавзуга бағишланди. Ушбу сессия доирасида 9 та маъруза тингланди.
Бу ўринда “АҚШда аёллар ҳуқуқлари тарихи: ўзгаришлар ва тараққиёт йўллари”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари”, “Боланинг таълим олиш ҳуқуқининг ўзига хос тизим сифатида намоён бўлиши ва унинг элементлари”, “Жиноят ишларини судга қадар юритишда аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш”, “Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси (CЕДАW)нинг хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашдаги ўрни”, “Янги Ўзбекистонда аёлларнинг оилавий зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқларининг ўзига хос хусусиятлари”, “Ўзбекистон Республикасида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашда прокуратура органларининг ўрни ва аҳамияти”, “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва миллий механизми” каби мавзулардаги таҳлилий чиқишлар ҳақида сўз бормоқда.
Конференция якунида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида қуйидаги якуний хулосалар ишлаб чиқилди:
биринчидан, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳаларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш. Бу борада давлат органлари ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;
иккинчидан, ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида гендер тенглик муаммоларини инобатга олган ҳолда, савдо муносабатларини соддалаштириш, хусусан, савдо-сотиқ жараёнларида хотин-қизларнинг иқтисодий ташаббуслари ва фаолияти учун қўшимча имтиёзлар тақдим этиш;
учинчидан, аёллар репродуктив ҳуқуқларини таъминлашда давлат зиммасига оладиган мажбуриятларни бажариш учун тегишли ташкилий-ҳуқуқий, институционал механизмларни яратиш чораларини кўриш. Бу борада ҳар йили алоҳида-алоҳида комплекс чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва ундаги тадбирларнинг ижросини таъминлаб бориш;
тўртинчидан, Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фан соҳасидаги фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш. Шу мақсадда олий таълимнинг бакалавриат, магистратура ҳамда таянч докторантурага қабул квоталарида хотин-қизларнинг улушини оширишга доир асослантирилган хулосаларга келинди.
Конференцияда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.02.2025
- Кўришлар: 816
- Чоп этиш