(Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, юридик фанлар номзоди Абдуманноп Рахимовнинг “Янги Ўзбекистонда парламент ислоҳотлари” номли монографиясини ўқиганда туғилган мулоҳазалар)
Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистонга қизиқиш ва эътибор, мамлакатимизнинг куч ва имкониятларига, унинг келажагига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда. Янги Ўзбекистон - самарали замонавий парламентаризм институти фаолият кўрсатаётган мамлакат сифатида қарор топмоқда. Ҳокимият ваколатлари бўлиниши, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш конституциявий принципларини изчил амалга ошириш, халқ ҳокимиятини, парламентаризмни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар жадал давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев таъкидлаганидек, “Янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак”.
Бугунги кунда Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги конституциявий роли янада ошмоқда, уни таркибий бўлинмаларининг масъулияти янада кучаймоқда, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалаларини ҳал этишда, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда парламентнинг ваколатлари янада кенгайтирилмоқда. Парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти такомиллаштирилиб, тўғридан-тўғри тартибга солувчи қонун нормаларини қабул қилиш амалиёти мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси, юридик фанлар номзоди Абдуманноп Рахимовнинг “Янги Ўзбекистонда парламент ислоҳотлари” номли монографияси айнан мамлакатимизда янги парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ ислоҳотлар моҳияти, мазмуни, мақсад ва вазифалари, Янги Ўзбекистон парламентининг конституциявий мақоми каби масалаларни илмий муҳокама қилишга бағишланган. Айтиш жоизки, А.Рахимов илмий-назарий тажрибага эга олим бўлиши билан бирга, юқори малакали амалиётчи ҳуқуқшунос ҳамдир. У узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган ва парламентни ислоҳ қилиш муаммоларини сиртдан эмас, балки жараённинг бевосита иштирокчиси сифатида ўрганган. Шу боис, мазкур монография муаллифнинг кўп йиллик илмий ҳамда амалий фаолияти давомида тўпланган билим ва тажрибалари маҳсули эканлигини таъкидлаш муҳим.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда парламент тараққиётини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар ҳуқуқий фан ва амалиёт учун алоҳида аҳамиятга эга. Янги Ўзбекистон парламентининг давлат ҳокимияти бўғини сифатида назарий-концептуал жиҳатлари, Олий Мажлиснинг ҳуқуқий мақомини, унинг функциялари, давлат ҳокимиятининг бошқа бўғинлари билан ўзаро муносабатлари, самарадорлигини ошириш масалаларини таҳлил қилиш долзарб илмий тадқиқот мавзусидир.
Парламент тушунчаси давлат тузумида қонун чиқарувчи ҳокимият органининг давлат тараққиёти йўлини белгилашдаги устун мавқеини, Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш ва унинг сиёсий-ҳуқуқий жавобгарлиги масаласида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ваколатлари аниқ белгиланганлигини ифодалашда қўлланиладиган тушунчадир. Бундай давлат тузумига нисбатан одатда парламентаризмга асосланган тузум деб айтилади.
Бироқ давлат ҳокимияти органлари тизимида парламент институти мавжудлигининг ўзиёқ ҳали конституциявий тузумда парламентаризм хусусияти мавжудлигини англатмайди. Парламентаризм бир вақтнинг ўзида сиёсий ғоя, сиёсий ривожланиш тенденцияси ҳамда маълум бир давлат тузумининг ўзига хос хусусияти бўлиб, қонун чиқариш билан боғлиқ функцияларни бажарадиган таъсирчан парламент мавжудлигини назарда тутади. Парламентаризм қарор топган мамлакатда парламент халқ вакиллигининг чинакам тузилмаси бўлиб, у биринчи навбатда сиёсий партиялар вакилларидан иборат бўлади ҳамда турли ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларини ифодалайди.
Жамоатчиликнинг, аҳолининг парламентга ишончисиз парламентаризм самарасиздир – бу нафақат парламентга, балки сиёсий партиялар ва сайловлар институтига ишончга боғлиқ. Янги Ўзбекистон парламенти депутатлари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига жавоб бериши лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, “Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади”.
А.Рахимовнинг монографияси мантиқий жиҳатдан пухта тузилишга эга ва бир-бири билан узвий ва мантиқан боғланган тўрт боб ва ўн икки параграфни ўз ичига олган. Шунингдек, тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифлар ҳамда тадқиқотни амалга оширишда фойдаланилган адабиётлар рўйхати тақдим қилинган.
Монографиянинг биринчи боби “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳуқуқий мақоми талқинининг назарий жиҳатлари” деб номланиб, унда Олий Мажлиси мақоми ва фаолияти ҳуқуқий асосларининг ривожланиши, Ўзбекистонда икки палатали парламент моделининг ҳуқуқий тавсифи, Олий Мажлис палаталарининг ўзаро муносабатлари ўрганилган. Бугунги кунда мамлакатимизда миллий парламентаризмни ривожлантириш ва халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилмоқда. Шунга мувофиқ китобда Ўзбекистонда босқичма-босқич олиб борилган парламент ислоҳотлари кўппартиявийлик тизимининг ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатгани, Олий Мажлиснинг конституциявий ҳуқуқий мақомининг энг муҳим хусусиятлари таҳлил қилинган. Муаллиф “Олий Мажлиснинг фаолиятидаги кейинги йиллардаги ўзгаришлар мазкур институтнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича мураккаб жараён давом этаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, изчиллик сақланиб, парламентни модернизация қилиш амалга оширилмоқда. Унинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролининг ошиши содир бўлмоқда”, деб ёзади (58-бет).
Монографиянинг иккинчи боби “Олий Мажлис фаолияти: функционал таҳлил” деб номланади. Унда Олий Мажлиснинг вакиллик функцияси, қонун ижодкорлиги функцияси, давлат ҳокимияти органларини шакллантириш функцияси ҳамда назорат таҳлил фаолияти ёритилган. Шу ўринда муаллифнинг Олий Мажлис фаолияти самарадорлигини ошириш, Янги Ўзбекистонда халқ вакиллигининг илғор шаклларини ривожлантириш фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат тараққиётининг зарур шарти эканлиги ҳақидаги мулоҳазалари муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга муаллиф “икки палатали парламентнинг шакллантирилиши, унинг қуйи палатаси ишининг профессионаллаштирилиши қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш имконини берган бўлса-да, қабул қилинаётган қонунлар сони ортиб бораётган бир шароитда баъзи хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда. Бинобарин, қонун ижодкорлиги фаолияти субъектлари қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиши учун касбий билим, ўқув ва малакага эга бўлиши керак”, деган хулосага келади (89-бет).
Бироқ бугунги кунда депутатлар ўзларининг қонун ижодкорлиги, қонун техникаси ва парламентнинг кўп қиррали фаолиятига тааллуқли соҳалардаги билим ва кўникмаларини оширишаётган бўлса-да, қонун ижодкорлигимиз ҳозирги ислоҳотлар шиддати ва суръатларидан анча ортда қолмоқда. Ваҳоланки, қонун ижодкорлиги ислоҳотлардан илгарироқ юриши керак.
Монографиянинг учинчи боби “Олий Мажлис ва бошқа давлат ҳокимияти органлари: ўзаро муносабатлар механизми” деб номланган. Унда Олий Мажлиснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда суд ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатлари конституциявий ҳуқуқий асосда таҳлил қилинган.
Муаллиф кўплаб ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчи мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви “аралаш” шаклга эга бўлган республика, яъни парламент ва президент республикаси хусусиятларини ўзида мужассам этган давлат, деган хулосалари билан баҳсга киришган. “Сир эмас, амалда Ўзбекистонда кучли президентлик ҳокимияти мавжуд. Бироқ кўпчилик ҳуқуқшунос олимлар бунга урғу беришдан ўзларини тийишади ва Ўзбекистон давлат бошқаруви шаклига кўра президентлик эмас, балки “аралаш” республикаларга яқинлигини иддао қилишади” (134-б). Лекин “Президентнинг конституциявий мақоми унинг давлат ҳокимияти бошқа субъектларига нисбатан энг юқори мақомга эга эканлигини тасдиқлайди” – деб ёзади муаллиф (138-бет).
Шу билан бирга, монографияда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти бўлиниши принципи жорий этилган шароитда парламент билан Президентнинг ўзаро ҳамкорлиги конституциявий-ҳуқуқий механизмини самарали ташкил этиш жамият ва давлат ривожланишининг муҳим омили эканлигини таъкидланади.
Бизнинг фикримизча, Президентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги мавқеи, унинг ҳокимиятлар уч тармоғидан мустақиллиги ҳамда Олий Мажлис палаталари билан ўзаро муносабатларининг конституциявий-ҳуқуқий асослари Ўзбекистонда Президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилиб, ҳокимиятлар ваколатлари тақсимланишидаги оқилона мувозанатни таъминлайдиган самарали Президент ҳокимияти шаклланганлигидан далолат беради. Президентнинг миллий давлатчилик тараққиёти ҳозирги босқичидаги конституциявий-ҳуқуқий мақоми унинг давлат ҳокимияти тармоқларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини таъминлаши зарурати билан боғлиқ.
Монографиянинг “Олий Мажлис фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари” деб номланган тўртинчи бобида ривожланган хорижий мамлакатлар парламентлари мақоми ва фаолиятининг қиёсий-ҳуқуқий таҳлили амалга оширилган ҳамда Олий Мажлис палаталари ўзаро муносабатлари механизми самарадорлигини ошириш йўналишлари ўрганилган.
Монография муаллифи Янги Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг замонавий тузилмаси, ҳуқуқий тавсифи, мақоми ва фаолиятининг ривожланган хорижий мамлакатлар парламентлари билан қиёсий таҳлил қилинганлиги катта қизиқиш уйғотади. “Хорижий амалиёт, деб қайд этилади монографияда, парламент ва унинг палаталарини шакллантириш тартиби ва шаклларининг хилма-хиллигини кўрсатади. Сўнгги пайтларда дунёнинг аксарият давлатларида пропорционал сайлов тизимига ўтиш тенденцияси кузатилмоқда. Унинг афзалликлари, демократик хусусияти ва парламентда сайловчилар манфаатларини муносиб ифода этишини таъминлаш қобилиятига асосланади” (198-бет).
Муаллиф жаҳон парламентлари тажрибаларини илмий умумлаштириб, турли илмий баҳсларга сабаб бўлаётган илмий муаммоларга жавоб қидиради. Жумладан, А. Рахимов айрим муаллифларнинг унитар давлатда икки палатали парламент заруриятига шубҳа билан қарашларига жавобан “аҳолиси кўп бўлган унитар давлатларда икки палатали парламентлар сони кескин кўпаймоқда. Бу икки палаталиликнинг кенгайиши тенденциясидан далолат беради. Замонавий парламент бутун аҳолининг ҳудудий вакиллигини ҳам, миллий вакиллигини ҳам таъминлайди”, деб ёзади (204-бет). Шунингдек, китобда Олий Мажлис палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг йўналишлари, шакллари, усуллари, механизмлари муҳокама қилинади.
Монографиянинг “Хулоса” қисмида муаллифнинг Янги Ўзбекистонда парламент ислоҳотлари тўғрисида илмий-назарий хулосалари, парламент фаолиятига тааллуқли тушунчаларга муаллифлик таърифлари, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва парламент амалиётини такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар ўз аксини топган. Жумладан, “парламент палатаси”, “палаталарнинг қўшма мажлиси” каби тушунчаларга таъриф берилган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81, 96, 99-моддаларига, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси регламенти тўғрисида”ги қонунларнинг қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрланган.
Китобда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, парламентни ва умуман давлат ҳокимияти тизимини модернизациялаш, янги милий парламентаризмни ривожлантириш, қонун ижодкорлигини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар илмий муҳокамалар ва амалий мисоллар ёрдамида таҳлил қилинган.
Монография, шубҳасиз, миллий парламент ривожланишининг долзарб масалаларини қамраб олган ҳамда парламентаризм тадқиқотлари соҳасида қатор илмий ва амалий ютуқларни қўлга киритган. Шу билан бирга, Янги Ўзбекистонда парламент тараққиёти жиҳатларини илмий талқин қилиш қизиқарли мавзу эканлиги муаллифга таклиф ва мулоҳазаларни билдиришга туртки беради.
Биринчидан, монографияда парламент фаолияти самарадорлигининг асосий мезонлари сифатида – у қабул қилаётган қонунларнинг сифати, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимояланганлик даражаси, парламент назорати самарадорлиги, палаталар фаолиятининг изчиллиги каби мезонлар тўғри кўрсатиб ўтилади. Лекин бизнинг фикримизча, уларга депутатларнинг ўз сайловчилари олдидаги самарали ҳисобдорлиги, аҳолининг парламентга юқори ишонч даражасин каби мезонларни ҳам қўшиш мумкин. Янги Ўзбекистон парламенти – халқпарвар парламент бўлиши керак. Халқ вакиллари фаолият олиб борадиган парламент – аслида, Халқ уйидир. Оддий одамларнинг овозини олиб, сайланган депутат шу оддий одамларнинг дарду ташвиши билан яшаши шарт. Албатта, халқ билан қанча кўп учрашилса, мулоқот қилинса, шунча кам хато қиламиз ва кўп натижага эришилади.
Иккинчидан, парламент фаолияти, функциялари муҳокама қилинганда, унинг ташқи сиёсат борасидаги фаолиятини, нуфузли халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш каби функциясини ҳам таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ. Зеро, Олий Мажлис Янги Ўзбекистон ташқи сиёсий йўлининг фаол иштирокчисига айланган. Мамлакатимизда парламент дипломатияси ривожлана бошланди. Хусусан, хорижий мамлакатлар билан икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари тузилди, Ўзбекистон парламенти халқаро парламентлараро тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. 2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳри Марказий Осиё тарихида биринчи марта Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясига мезбонлик қилиши Ўзбекистоннинг халқаро парламент дипломатиясини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасининг муҳим эътирофи бўлди.
Шундай қилиб, А. Рахимов монографияси ўзининг услуби ва мазмуни, қўйилган вазифаларнинг ечимлари бўйича муҳим тадқиқотдир. Мазкур китоб миллий ҳуқуқ фани вакиллари ва умуман академик жамоатчилик, эксперт ҳамжамият эътиборига сазовор бўлиб, кенг китобхонлар учун фойдали манбадир. Монография, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимиятни ташкил этиш ва амалга оширишнинг асосий тамойилларини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка парламент тизимининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида маълумот етказишга ўз ҳиссасини қўшади.
А.Х.Саидов, академик,
юридик фанлар доктори, профессор.
Ў.Очилов,
юридик фанлар доктори.
«Hurriyat» газетасининг 2025 йил 16 апрель кунги 15 (1442)-сони
- Қўшилди: 16.04.2025
- Кўришлар: 315
- Чоп этиш