«Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Самарқанд Глобал форуми якунлари Латвия ОАВ диққат марказида

«Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Самарқанд Глобал форуми якунлари Латвия ОАВ диққат марказида

РИГА, 20 январь. /«Дунё» АА/. Латвиянинг «LETA»  ахборот агентлиги порталида Самарқандда бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрда БМТ шафелигидаги глобал форум ўтган йили декабрь ойида Самарқандда гибрид форматда уюштирилгани ва бу бутун дунёдан ушбу соҳа мутахассисларига виртуал тарзда муҳокама сессияларида қатнашиш имконини бергани маълум қилинган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг муҳим халқаро тадбирнинг мақсад ва вазифалари ҳамда якунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари тақдим қилинган.

«Самарқанд Глобал форумининг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги декларацияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича Бутунжаҳон дастури ижросининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастури тақдимотини ташкил этиш, бу борадаги илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувлар, халқаро, минтақавий ва миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди», дейилади мақолада.

Материалда, шунингдек, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, бу йўналишда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қаламга олинган.

«Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга доир давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Улар асосида БМТ Бош Ассамблеясининг бешта резолюцияси қабул қилинган», деб қайд этилади мақолада.

Бундан ташқари, нашрда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бўйича Бутунжаҳон дастури кампаниясида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга оширишда фаол иштирок этаётгани маълум қилинган.

Таъкидланганидек, халқаро ҳамкорлар билан инсон ҳуқуқларига оид 120 дан ортиқ асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар давлат тилига таржима қилиниб, йирик нашрларда чоп этилди.

Иштирокчиларнинг таклифлари асосида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Самарқанд Ҳаракат дастури қабул қилинди, деб ёзади «LETA».

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech