Олий суд пленумининг қатор қарорлари янги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди

Олий суд пленумининг қатор қарорлари янги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди

Олий суд пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд ва қуйи судлар судьялари, сенаторлар, депутатлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бошқарган йиғилишда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини қайд этди. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий, ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.  

Йиғилишда Олий суд пленумининг қатор қарорлари кўриб чиқилди.  

2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1995 йилда қабул қилинган Меҳнат кодексидан фарқли равишда янги Меҳнат кодексида мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик кабилар асосий принцип этиб белгиланди.  

Янги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши муносабати билан суд амалиётида меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган фуқаролик ишларини кўриш жараёнида юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва бир хилдаги суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракт)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида”ги қарорини қайта кўриб чиқиш зарурияти туғилди.  

Шу мақсадда “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Пленум қарорида меҳнат қонунчилигига доир низоларни адолатли ва қонуний ҳал этишга кўмаклашувчи муҳим тушунтиришлар ўз ифодасини топган.  

Мажлисда кўриб чиқилган “Ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноятларга оид ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарорида судлар томонидан қонун нормаларини қўллашда эътибор қаратилиши зарур бўлган муҳим тушунтиришлар берилган. Ушбу тушунтиришлар судларда ҳарбийларга оид жиноят ишларини кўриб чиқиш, шунингдек, дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширишда алоҳида аҳамият касб этади.  

Судлар томонидан чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари ҳамда халқаро нормаларни қўллашда туғилаётган саволларнинг ечимини топиш, амалиётда учраётган айрим муаммоларни ҳал этиш мақсадида “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўрилишида қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Мазкур пленум қарори иқтисодий судлар томонидан жисмоний ва юридик шахслар иштирокидаги ишларни кўриш, процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини бир хилда қўллашга қаратилган. Шу билан бирга, қарорда чет эл давлат суди ёки арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, шунингдек, чет эл давлат судининг топшириғини бажариш тўғрисидаги ишларни кўришда суд амалиётини бирхиллаштириш, судлар томонидан мазкур ишларни кўришда йўл қўйилаётган айрим хатоликларни бартараф этиш бўйича тушунчалар берилган.  

Ер умуммиллий бойлик бўлиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва халқнинг фаровон турмуши гарови ҳисобланиши баробарида ҳажм жиҳатидан чекланган табиий ресурс бўлгани сабабли бебаҳо неъмат ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Конституциянинг 68-моддасида ердан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.  

Ер майдонларидан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, кейинги уч йилнинг ўзида соҳага оид 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.  

Шунингдек, қонунчилик такомиллашуви борасидаги энг муҳим янгилик – бу янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилингани ва унинг нормалари тўғридан-тўғри қўлланилиши белгиланганидир.  

Соҳада янгиланишлар туфайли Олий суд пленумининг 2006 йилда қабул қилинган “Ер кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги қарори маънан эскирди. Шунинг учун бу йўналишда “Судларда ер низоларини кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Мазкур янги пленум қарорида ерни ажратиш, ижарага бериш, унга эгалик ҳуқуқини белгилаш ва шунга ўхшаш ер билан боғлиқ масалалар бўйича низоларни тўғри ҳал қилиш, қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган тушунтиришлар акс этган. Бу нафақат халқ орасидаги тушунмовчиликлар, балки ҳуқуқни қўлловчилар ўртасида учраётган баҳс ва мунозараларга ҳам барҳам беради.  

Маълумки, суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли бир қатор янги қонунлар қабул қилиниб, жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқ соҳасидаги баъзи қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.  

Жумладан, оилаларда эр-хотин ўртасида юз бераётган нохуш ҳолатлар, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонликларга нисбатан тегишли чораларни белгилаш ва жавобгарликни кучайтириш мақсадида 2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  

Ушбу қонун билан амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, ушбу қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланди.  

Янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Олий суд пленумининг амалдаги қарорларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш заруратини келтириб чиқарди.  

Янги қабул қилинган қонун, ундаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишини тартибга солувчи меъёрлардан келиб чиқиб, одил судловни амалга оширишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри татбиқ этиш ҳамда судларда ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Олий суднинг амалдаги пленум қарорлари хатловдан ўтказилди. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан Олий суд пленумининг тегишли қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорлар лойиҳалари тайёрланди.  

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди.  

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech