Қатағон даври лагерлари ёхуд айбсиз қамалганларнинг борса-келмас жойлардаги тақдири

Қатағон даври лагерлари ёхуд айбсиз қамалганларнинг борса-келмас жойлардаги тақдири

Бир экспонат тарихи

Тарихимиздан маълумки, мустабид тузум даврида қатағон, “қулоқлаштириш”, сургун сиёсати оқибатида юртимизнинг миллий тараққиёти йўлида курашган минглаб фидойи фарзандлари қатағонга учради. Уларга шафқатсизларча муносабатда бўлиниб, сон-саноқсиз юртдошларимиз совуқ ўлкаларга сургун қилинди.  

Кўплаб миллатпарвар, зиёли ватандошларимиз ўзга юртларда оғир шароитдаги қамоқхона ва лагерларда минг азоб-уқубатларга дучор қилинди. Уларнинг айримларигина қамоқ муддати тугаганидан сўнг касалманд, ярим жон ҳолатда уйига қайтишга муяссар бўлган бўлса, кўпчилиги бегона юртларда қийноқ, касаллик ва очлик азобидан жон таслим қилган.  

Тошкент шаҳридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида узоқ ўлкалардаги қамоқхона ва лагерларнинг кўриниши, шарт-шароитини ўзида намоён қиладиган экспозиция намойиш этилган. У ҳақда батафсил маълумот олиш учун музей ходимига юзландик.   

— Ўша машъум “Катта қирғин” даврида жуда кўплаб қамоқхоналар қурилган, — дейди “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бўлим бошлиғи Азиза Аҳророва. — Музейимиздан ўрин олган ушбу экспонат “Перм-36” қамоқхонасининг макети ҳисобланади. Ўзбекистонлик маҳбуслар сақлангани учун айнан ушбу қамоқхона макети намойишга қўйилган. Оқ фонда акс эттирилганининг сабаби қамоқхоналарнинг барчаси совуқ ўлкаларда, оғир шароитли ҳудудларда жойлашган. Қолаверса, маҳбуслардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланиш мақсадида улар шахталарга, ўрмонзорларга яқин жойларда барпо этилган. 

Барча лагерлар 3 қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда маҳбуслар меҳнат қилган, иккинчи қисми қамоқхона, учинчи қисми эса тиббиёт маркази бўлган. Лекин тиббиёт марказининг эшиги рамзий маънода ёпиб қўйилган. Чунки бу ерда касал бўлган маҳбусларга тиббий жиҳатдан ёрдам кўрсатилмаган. 

Қамоқхоналарнинг атрофи 4 қисмли девор билан ўралган. Иккинчи девордан электр токи ўтказилган, бу ердан қочиб чиқишнинг умуман иложи бўлмаган. Маҳбуслар ўлса, шу ернинг ўзида қолиб кетаверган. 

Кўпгина ўзбекистонлик маҳбуслар жуда қаттиқ совуқ оқибатида турли оғир касалликларга дучор бўлиб, вафот этгани ҳақида маълумотлар бор. Масалан, маълумотларга кўра, Усмон Носир ҳам худди шунақа совуқ ҳудудлардаги лагерга қамалган. Қаттиқ совуқ оқибатида оёқ-қўли ишламай, вафот этган. Физика, кимё фан ўқитувчиси, зиёли юртдошимиз Ҳусайнхон Ниёзий ҳам Магадандаги лагерда ўпка касаллигидан вафот этгани ҳақида маълумотлар мавжуд. 

Лагерларнинг суратларидан кўришимиз мумкинки, у ерлардан одам скелети, суяклари кўп топилган. Чунки ўлган маҳбуслар ўша ерда кўмилса, кўмилган ёки ўз ҳолича қолиб кетаверган. Масалан, Калима лагерида ҳам одам скелети суяклари шундайлигича сақланиб қолган, — дейди суҳбатдошимиз.   

Борса-келмас, совуқ ўлкаларга сургун қилинган, оғир шароитлардаги лагерларда қийноқ ва азобда яшаган минглаб ватандошларимиз улкан матонат ва ирода, қаҳрамонлик намунасидир. Миллат тараққиёти йўлида курашган айбсиз айбдорларнинг аянчли тақдири барчамизни бугунги тинч-осойишта кунларнинг қадрига етишга ундайди.  

Тарихимиздаги қора саҳифаларнинг асл кўриниши акс этган ушбу экспонатлар ҳар бир томошабин қалбида, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида аждодларимизга нисбатан ҳурмат-эҳтиром туйғусини уйғотиши шубҳасиз.  

Муҳтарама Комилова,  
Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech